Қорақалпоғистонда тантанали учрашув бўлиб ўтди
#Соҳибқирон_Амир_Темур_690_ёшда
#ҳудудлардан_хабарлар






Мамлакатимизда буюк саркарда ва давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Шундай тадбирлардан бири куни кеча Халқаро Амир Темур жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Қаллибек Нагметов томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида ўтказилди.
Учрашувда Амир Темур — ўзбек давлатчилиги тарихида беқиёс ўрин тутган буюк саркарда ва давлат арбоби эканлиги, унинг таваллудининг 690 йиллиги халқимиз учун улуғ тарихий меросни яна бир бор ёдга олиш, буюк аждодимиз қолдирган бой илмий, маданий ва маънавий қадриятларни чуқур ўрганиш имконини бериши ҳақида сўз борди.
Амир Темур марказлашган қудратли давлат барпо этиб, қисқа вақт ичида кенг ҳудудларни бирлаштира олди. Унинг “Куч – адолатда” деган тамойили давлат бошқарувида асосий мезон бўлиб хизмат қилган. Соҳибқирон нафақат моҳир саркарда, балки илм-фан, маданият ва бунёдкорлик ҳомийси сифатида ҳам тарихда муҳим из қолдирган.
Тадбирда иштирок этган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Фонд Раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али номидан Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимига Амир Темур бобомизнинг бюсти топширилди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати