Халқаро Амир Темур фондининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари Муҳаббат опа Шоюсупова эрта тонгда оламдан ўтдилар…
#Соҳибқирон_Амир_Темур_690_ёшда
Бу галги жума тонги нохуш хабар билан бошланди. Маълум бўлишича Халқаро Амир Темур фондининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари Муҳаббат опа Шоюсупова эрта тонгда оламдан ўтибдилар…
Бу жуда оғир йўқотиш, анчайин оғир жудоликдан дарак берувчи хабар бўлса-да, бир нарса кишига сал таскин беради. Яъни, Мухаббат опамиз Ватанга эл юрту халқига қилган хизматлари, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари хотирасини эъзозлаш йўлида қилган жонкуярликларига яраша қутлуғ жума тонгида оламдан ўтибдилар.
Муҳаббат опа ўз меҳнат фаолиятини Тошкент Давлат униерситетини тамомлагач Бўстонлиқ тумани “Коммунизм учун газетасида” адабий ходимликдан бошлади. Опа ушбу лавозимда узоқ қолмади. Ўз касбига муносабати ҳалолу поклиги, тиришқоқлиги туфайли газетанинг масъул котиб даражасигача кўтарилиб борди. Сўнг Тошкент олий партия мактаби тингловчиси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги тарғибот бўлими бош мутахассиси каби масъулиятли лавозимларда ишлаб келди. Халқаро Амир Темур жамоат Фондининг Тошкент вилояти бўлими раҳбарлигига тайинланганидан бери эса ўн беш йилдан кўпроқ вақт ўтди.
Эътибор беринг Мухаббат опа Фондимизнинг ёши улуғ ходимларидан саналади. Амммо ҳамкасбларимизнинг эътирофларига кўра ташаббускорлиги, ҳар қандай киши билан осон тил топиб кета олиши, Соҳибқирон бобомиз хотирасини эъзозлаш йўлида ҳар қандай қийинчилик ва муаммоларни ҳал қила олиши билан нисбатан ёш йигит қизларимизга намуна бўлиб келди.
Опанинг ташаббуси билан ташкил этилган ва вилоят ўқувчи ёшлари ўртасида ўтказилган “Амир Темур менинг бобом” танловлари, вилоят ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар, ҳарбий билим юртлари курсантлари, ўртасида ўтказилган касбий маҳорат кўриклари ёшларимиз қалбида ўз юрти тарихини қадрлаш , уларнинг юргида ватанга муҳаббат ҳисларини сингдириб боришда алоҳида аҳамият касб этди.
Мухаббат опа нафақат ўзи жон куйдириб ишлади, балки бу борада ўзига хос мактаб ҳам яратиб кетди. Опа амалга оширган ишлар, унинг боболар хотирасини муқаддас тутгани ҳолда уларнинг хотирасини эъзозлай олишдай соф инсоний хислатлари ёдимизда энг яхши хотира сифатида сақланиб қолади.
Халқаро Aмир Темур жамоат фонди ахборот хизмати