Янги китоб тақдимоти
#Соҳибқирон_Амир_Темур_690_ёшда
#ҳудудлардан_хабарлар











Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат хомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги 2026 йил 5 февраль Қарорида апрель ойи “Амир Темур” ойлиги деб эълон қилинган ва Амир Темур ва темурийлар тарихи билан боғлиқ туркум китоблар, илмий ва илмий оммабоп асарларни тайёрлаш ва чоп этиш кўзда тутилган.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Халқаро Амир Темур жамоат фонди Қашқадарё вилоят бўлими ташаббуси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида нашр этилган “Соҳибқироним” номли тўплам тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тўпламга қашқадарёлик тарихчи олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий мақолалари, шоир ва ёзувчиларнинг назмий ва насрий ижодий ишлари жамланди.
Тақдимотда Фонднинг ҳудудий бўлими ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи Ғулом Абдиев, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши вилоят бўлими етакчи мутахассиси Ўктам Шаймардонов, вилоят фахрийлар кенгаши раиси Ғайрат Умурқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Холиёр Қодиров, Иброҳим Пайдоев, Карим Тошқулов, Алиқул Мўминов, Гулбаҳор Ғиёсова, Элбой Қулмонов ҳамда китобда ижодий ишлари ўрин олган ижодкорлар иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар, буюк саркарда ва давлат арбоби, Темурийлар давлатининг асосчиси, Ўзбекистон давлатчилик тарихида ўзининг беқиёс ўрнига эга бўлган, илм-маърифат ҳомийсининг ҳаёт йўли барчамизга ибрат эканлигини таъкидладилар.
Тадбир сўнгида Халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят бўлими томонидан иштирокчиларга ташаккурнома ва китоблар топширилди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати