Иккинчи Ренессанс бунёдкори
#Соҳибқирон_Амир_Темур_690_ёшда
#ҳудудлардан_хабарлар






Юртбошимизнинг Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини тантанали нишонлаш ҳақидаги қарорида Апрел ойини Амир Темур ойлиги деб эълон қилинганлиги ва бу ойни режага монанд ўтказиш мақсадида куни кеча Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида “Буюк давлат арбоби ва саркарда, иккинчи уйғониш даври – Темурийлар Ренессанси бунёдкори Амир Темурнинг миллий давлатчилигимиз ривожи ва жаҳон тарихида беқиёс ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди Андижон вилояти бўлими, Халқ депутатлари туман кенгаши, Андижон техника институти ҳамкорлигида тумандаги 1-сон техникумда ташкил этилган тадбирда олимлар, ижодкорлар, депутатлар, техникум ўқувчилари ва ўқитувчилари иштирок этдилар.
Давра суҳбатини Халқ депутатлари Жалақудуқ туман кенгаши раиси Шукрулло Ҳайитохунов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.
Тадбирда сўз олган Фонднинг ҳудудий бўлими бошлиғи, Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳабиб Сиддиқ, техника институти профессори, тарих фанлари доктори Улуғбек Абдуллаев, доцентлар Муҳаммадамин Охунов, Абдумухтор Ҳакимов, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими бошлиғи Абдумуталлиб Қурбонов ва бошқалар буюк давлат арбоби ва саркарда, Темурийлар ренессанси бунёдкори Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, маънавий мероси, дунё тамаддунидаги ўрни, буюк бобомиз ҳақидаги тарихий илмий ва бадиий адабиётларни ўрганишнинг аҳамияти ҳақида сўзладилар, ёшларни юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг ва яратилган шароитларнинг қадрига етишга, пухта билим олишга, буюк аждодларимиз ва мустақил юртимизга муносиб бўлишга чақирдилар.
Тадбир сўнгида Фонднинг ҳудудий бўлими бошлиғи Ҳабиб Сиддиқ Xалқ депутатлари Жалақудуқ туман кенгаши раисига Амир Темур бюсти ва китоблар совға қилди.
Эркин мулоқот тарзида, савол-жавоблар билан ўтган тадбир барчада яхши таасссурот қолдирди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати