Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

(+99871) 232-02-27

Биз билан алоқа

amirtemurxayriyajamoatfondi@gmail.com

Электрон почта

 Соҳибқирон Амир Темур – йирик давлат арбоби, буюк саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси

Соҳибқирон Амир Темур – йирик давлат арбоби, буюк саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси

#Соҳибқирон_Амир_Темур_690_ёшда

#ҳудудлардан_хабарлар

Куни кеча Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят Ахборот-кутубхона марказида “Амир Темур ойлиги” ва “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ана шундай номланди.

Халқаро Амир Темур жамоат фонди ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда олимлар, шоир, ёзувчилар, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари, шаҳардаги ҳарбий қисм хизматчилари, ички ишлар вазирлиги Андижон академик лицейи ўқувчилари, фаол китобхонлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Ахборот-кутубхона директори Гулнорахон Исмоилова юртимизда китобхонликни юксалтириш, мутолаа маданиятини ошириш ва буюк аждодлар меросини ўрганишга эътиборни кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади, ёшларни китобга ошно бўлишга чақирди.

Халқаро Амир Темур жамоат фонди ҳудудий бўлими бошлиғи, доцент Ҳабиб Сиддиқ мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида инсон қадрини улуғлаш, буюк аждодларимиз хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёшларни замонамизга муносиб билимли ва маънавиятли қилиб тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор берилаётганлигини, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли тадбирлар ҳам ана шу эътиборнинг яна бир далили эканлигини, буюк бобомиз ҳаёти ва фаолияти барчамиз учун ибрат йўли эканлигини таъкидлади, иштирокчиларни фонд томонидан нашр этилган китоблар билан таништирди, марказ раҳбарига Амир Темур бюстини топширди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Орифжон Мелиев, Восит Аҳмад ва бошқалар мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар, ёшларни буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини ўрганишга, уларга муносиб бўлишга чақирдилар.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильмни томоша қилдилар, Темур ва Темурийлар ҳақида тарихий илмий ва бадиий китоблар кўргазмаси билан танишдилар.

Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати

Leave a Reply

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan