Фарғона шаҳар “Темурбеклар мактаби”да “Буюк Темурийларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва Учинчи Ренессанс” номли илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
#ҳудудлардан_хабарлар




























Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги олдидан Халқаро Амир Темур жамоат фонди, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қошидаги Фарғона “Темурбеклар мактаби” ҳамда Фонднинг Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида бугун Фарғона “Темурбеклар мактаби”да “Буюк Темурийларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва Учинчи Ренессанс” номли илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда Пойтахтдан ташриф буюрган бир гуруҳ олимлар, жумладан Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, сиёсат фанлари доктори, профессор Нарзулла Жўраев, Тошкент давлат Шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Алимбеков, филология фанлари доктори Сувон Мели, шунингдек, Халқаро Амир Темур жамоат фондининг Фарғона вилояти бўлими бошлиғи Раҳматилла Ҳожиматов, Фарғона “Темурбеклар мактаби” раҳбарияти ва ўқитувчилари ҳамда юздан ортиқ ўқувчилар иштирок этишди.
Анжуманда халқимизнинг суюкли адиби, Фонд раиси Муҳаммад Али “Темур тузуклари” ва унинг тарихдаги аҳамияти” мавзусида нутқ сўзлаб, ўқувчи ёшлар учун янги бўлган бир қанча қизиқарли маълумотларни айтиб ўтди. Шунингдек, анжуманда сўзга чиққан олимлар Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, саркарда бобомизнинг илм-фан, маданиятга бўлган эътибори ва она Ватанга муҳаббат, унинг ҳимояси йўлида бутун авлодларига ўрнак бўлганлиги ҳақида сўзлаб бердилар.
Фарғона “Темурбеклар мактаби” раҳбари польковник Беҳзоджон Исматов ҳамда ушбу ҳарбий мактаб ўқитувчиси О.Жумаев ўз маърузасида Ватанимизнинг эртанги куни, таянчи бўлмиш ёшларимизда ватанпарварлик ҳиссини янада кучайтириш, буюк аждодларга муносиб авлод бўлиб етишишда “Темурбеклар мактаб”ларининг ўрни, аҳамияти ҳақида сўзлаб, билагида куч, қонида шижоат қайнаб турган навқирон йигитларнинг кўзида ватанга меҳр-муҳаббати порлаб туришидан завқ олиши ва ўзгача мароқ билан ўз касбини адо этаётгани ҳақида сўзлаб ўтдилар.
Анжуман сўнгида Фонд раиси Муҳаммад Али “Темурбеклар мактаби” кутубхонасига Фонд томонидан нашр этилган китоблар тўплами ҳамда Амир Темур бюстини совға қилди.
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги олдидан ташкил этилган илмий анжуманлар вилоят бўйлаб ҳамон давом этмоқда.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати