ФВВ АКАДЕМИЯСИДА ҚЎШАЛОҚ ТАНТАНА БЎЛИБ ЎТДИ






Куни кеча – 1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида қўшалоқ тантана шукуҳи – Ватанимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда жорий йилда ўқишга қабул қилинган биринчи босқич курсантларининг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросим бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари полковник Н.Кадиров, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти, таниқли шоир ва ёзувчилар, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раиси, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон журналистика ва оммавий ахборот университети раҳбарияти, ФВВ Академияси раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, фахрийлар, ҳарбий хизматчилари, курсантлар ва уларнинг ота-оналари, таниқли санъаткорлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар курсантларни она Ватанга хизмат қилиш каби шарафли касбни эгаллаш йўлидаги илк қадамлари билан қутладилар. Жумладан, Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ўз нутқида барчани Мустақиллик куни билан қутлаб, курсантларга Соҳибқирон бобомизнинг ёшлик даврлари, илмга бўлган муҳаббати ҳамда ватанпарварлик ҳислатлари ҳақида иштирокчилар учун янги бўлган бир қанча қизиқарли маълумотлар айтиб ўтди.
Юрт ҳимоясини ўз зиммасига олишга, Ватан шаъни ва халқ тинчлиги учун сидқидилдан хизмат қилишга бел боғлаган ёшлар ҳаётидаги энг масъулиятли қасамёд маросимида курсантлар байроқ остида саф тортиб, қатъий қадамлар билан майдонга кириб келишди. Ота-оналар, устозлар ва фахрий меҳмонлар эса уларнинг чеҳрасидаги ғурур ва ориятни кўриб, қалбларида ифтихор туйдилар. Ҳар бир сўз, ҳар бир оҳанг ёшлар қалбидан отилиб чиқди: Ватан учун хизмат қилиш, халқ учун фидойилик кўрсатиш, давлатга содиқ бўлишга ваъда берилди.
Тадбир якунида таниқли санъаткорларнинг Она Ватаннни мадҳ этувчи куй – қўшиқлари ва чиқишлари байрам шукуҳига янада завқ улашиб, барча иштирокчилар ва таклиф этилган меҳмонларда илиқ таассуротлар қолдирди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди Ахборот хизмати