Маърифат улашиб
#ҳудудлардан_хабарлар
Эзгулик, ахлоқий ғоялар тарғиботига асосланган «Маърифат улашиб» лойиҳасининг навбатдаги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида куни кеча Жиззах давлат педагогика университетида ўтказилган ижодий-маърифий учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Самарқанд вилояти Ёзувчилар уюшмасининг бош мутахассиси ҳамда Халқаро Амир Темур жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи, истеъдодли шоира Зуҳрабегим Эшонқулова иштирок этди.
Ёш авлодни китоб мутолаасига жалб этиш, бадиий саводхонлик даражасини ошириш орқали уларни уларни ватанпарварлик ва юртимиз келажагига дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган «Маърифат улашиб» лойиҳаси меҳмони шоира Зуҳрабегим Эшонқулова университет қошидаги 30-сонли таянч мактабида бўлди.
Шунингдек, талаба-ёшлар ҳузурида кечган мулоқот жараёнида юртимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, мутолаа маданиятини шакллантириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида қилинган ишлар ва «Маърифат улашиб» лойиҳасининг мазмун-моҳияти, ундан кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритилди.
Самимий ва мулоҳазаларга бой ўтган суҳбатлар шеърхонлик ва мушоирага уланиб кетди. Талабалар таниқли шоиранинг шеърларидан бир олам завқ ва маънавий озуқа олди.Ушбу бадиий учрашув ижодкор шоира ва талабалар ўртасида қизғин ва самимий суҳбатлар асосида бўлиб ўтди. Меҳмон университет кутубхонасига ўзининг ижодидан бир қанча шеърий тўпламларини совға қилди. Тадбир сўнгида «Ҳафта китобхони» лойиҳасида ғолибликни қўлга киритган талабаларимиз сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати