Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

(+99871) 232-02-27

Биз билан алоқа

amirtemurxayriyajamoatfondi@gmail.com

Электрон почта

 “Seattle & Tashkent: 50 Years of a Remarkable Sister City ” — дўстлик, маданият ва инсоний қадриятлар солномаси

“Seattle & Tashkent: 50 Years of a Remarkable Sister City ” — дўстлик, маданият ва инсоний қадриятлар солномаси

#Соҳибқирон_Амир_Темур_690_ёшда

“Seattle & Tashkent: 50 Years of a Remarkable Sister City ” — дўстлик, маданият ва инсоний қадриятлар солномаси
Америкалик таниқли педагог ва жамоат арбоби, Сиэтл-Тошкент биродарлашган шаҳарлар ассоциацияси фаолларидан бири, жаноб Дан Петерсон Фондга ташриф буюрди. Унинг қаламига мансуб “Seattle & Tashkent: 50 Years of a Remarkable Sister City Friendship (1973–2023)” китоби икки биродарлашган шаҳар дўстлиги тарихига бағишланган. Меҳмон ўз китобини Фондга дастхат билан совға қилди. Китобда бу биродарликдай қутлуғ иш бошида турган америкалик ва ўзбекистонлик олимлар, арбоблар ҳақида батафсил сўз боради. Хусусан, мазкур дўстликка 1973 йилда Вашингтон университети профессори, Ўзбекистон Миллий университети Фахрий доктори Ильза Лауде Сиртаутас хоним илк бор асос солганлиги ёритилган.
Мазкур китобнинг асл моҳияти шундаки, унда давлатлар ёки сиёсий тизимлар эмас, аввало инсонлар ўртасидаги дўстлик асосий қадрият сифатида намоён бўлади. Тошкент ва Сиэтл ўртасида ярим аср давомида шаклланган қардошлик муносабатлари орқали китоб муаллифи бир ҳақиқатни кўрсатади: турли ҳудуд ва маданият вакиллари илм, санъат, адабиёт ва самимий мулоқот орқали бир-бирини англашга эриша оладилар.
Китоб саҳифаларида Ўзбекистон маданиятини дунёга танитган кўплаб зиёлилар, олимлар ва жамоат арбоблари фаолиятига алоҳида ўрин ажратилган. Жумладан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси Муҳаммад Али номи ҳам ана шундай маънавий кўприклар бунёдкорларидан бири сифатида тилга олинган.
Муҳаммад Али Тошкент ва Сиэтл ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилган ижодкор. Китобда унинг 1992-2005 йилларда Вашингтон университетининг ёзги дастурлари доирасида америкалик талабаларга ўзбек тили, адабиёти ва бой маданий мероси ҳақида сабоқлар бергани қайд этилади. Адиб фаолияти орқали хорижлик ёшлар Ўзбекистоннинг тарихи, анъаналари ва маънавий дунёси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганлар.
Китобда Муҳаммад Али ташаббуси билан амалга оширилган “America Is Getting Closer ” – “Яқинлашаётган Америка” номли телевизион кўрсатув ҳам алоҳида эътироф этилган. Мазкур кўрсатув икки халқ ўртасидаги ўзаро тушуниш ва яқинликни тарғиб қилган муҳим маданий қадамлардан бири бўлди.
Шунингдек, талабалар илтимосига биноан Муҳаммад Али томонидан ёзилган “Насриддин афанди ва қирқ тилло” номли кичик драматик асари америкалик талабалар томонидан ўзбек тилида муваффақиятли саҳналаштирилгани ҳам эътиборга лойиқдир. Асар ўз вақтида Ўзбекистон телевидениесида намойиш этилган эди. Бу воқеа адабиётнинг чегараларни билмаслигини, бир асар орқали турли миллат вакиллари қалбига йўл топиш мумкинлигини яна бир бор исботлайди.
Муҳаммад Али китобда фақатгина ёзувчи сифатида эмас, балки Ўзбекистоннинг маънавий элчиси сифатида кўрсатилган. Ҳақиқий дўстлик расмий келишувлардан эмас, балки инсон қалбидан, илм-фан, санъат ва маданият нурлари орқали қурилган мустаҳкам кўприклардан бошланади.
“Seattle & Tashkent: 50 Years of a Remarkable Sister City Friendship (1973–2023)” китоби — Тошкент ва Сиэтл тарихининг ҳамда эзгулик, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ғояларининг қимматли солномасидир.
Китоб 2023 йилда АҚШнинг Вашингтон штати Сентралия шаҳридаги “Горҳам Принтинг” нашриётида чоп этилган.

Халқаро Aмир Темур жамоат фонди ахборот хизмати

Leave a Reply

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan