Амир Темур мероси ва Учинчи Ренессанс номли конференция бўлиб ўтди
#Соҳибқирон_Амир_Темур_690_ёшда
#ҳудудлардан_хабарлар
Жорий йилнинг 3 апрел куни Темурийлар тарихи давлат музейи кичик анжуманлар залида “Амир Темур мероси ва Учинчи Ренессанс” номли Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Халқаро Амир Темур жамоат фонди, Темурийлар тарихи давлат музейи, Амир Темур номидаги DXX академияси ҳамда Темурбеклар мактаби ҳарбий-академик лицейи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияда тарихчи олимлар, жумладан Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, тарих фанлари доктори, профессор Омонулла Бўриев, Тошкент давлат Шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Алимбекв, Сиёсат фанлари доктори профессор Тўлқин Алимардонов, тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимов, Амир Темур номидаги DXX академияси ҳамда Темурбеклар мактаби ҳарбий-академик лицейи раҳбарияти ва ходимлари, ёш тадқиқотчилар ва ҳарбий-академик соҳа вакиллари иштирок этиб, Амир Темурнинг бой мероси, унинг давлатчилик асослари, ҳарбий стратегияси ҳамда бугунги кунда Учинчи Ренессанс ғояларини амалга оширишдаги ўрни юзасидан илмий маърузалар тақдим этдилар.
Анжуман давомида Соҳибқироннинг давлат бошқаруви, илм-фан ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Шунингдек шу куннинг ўзида Халқаро Амир Темур жамоат фонди, Темурийлар тарихи давлат музейи, Амир Темур номидаги DXX академияси ҳамда Темурбеклар мактаби ҳарбий-академик лицейи ҳамкорлигида Тошкент давлат юридик университети мажлислар залида Темурбеклар мактаблари ўқувчилари ўртасида “Амир Темур тузуклари билимдони” номли Республика танлови бўлиб ўтди. Танлов ғолибларига Халқаро Амир Темур жамоат фонди, Амир Темур номидаги DXX академияси ҳамда Темурбеклар мактаби ҳарбий-академик лицейининг эсдалик совғалари бўлмиш китоблар тўплами, фахрий ёрлиқлар ва Амир Темур бюстлари тақдим қилинди. Совғаларни Фонд раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али топширди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати