“ҲИНДИСТОН ЮРИШИ КУНДАЛИГИ” ВА “AMIR TEMUR’S LAGASY OF WISDOM” КИТОБЛАРИ ТАҚДИМОТИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги имзолаган ПҚ-46-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Темурийлар тарихи Давлат музейида бугун Халқаро Амир Темур жамоат фонди томонидан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда бир гуруҳ олимлар, тарихчилар, ижодкорлар ва Тошкент давлат Шарқшунослик университети Тарих факултети талабалари ва ўқитувчилари ҳамда Фонд фаоллари иштирок этишди.
Бобокалонимиз ҳаётлигида ёзилган китоблар икки дона – Ғиёсуддин Али қаламига мансуб “Ҳиндистон юриши кундалиги” ҳамда Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асари ҳисобланади. Лекин биринчисига кўра иккинчиси ўқувчиларга аввалроқ ва кенгроқ маълум бўлган.
“Ҳиндистон юриши кундалиги” ҳақида биринчи марта шарқшунос олим академик Бартольд 1902 йилда Туркистонга қилган илмий сафари ҳисоботида хабар беради.
Ҳиндистонга юриши арафасида салтанат тарихи ҳақида китоб ёзиш учун номзод қидириш ишлари бошланиб кетади. Шунда олий назар Йазд шаҳрида яшайдиган Ғиёсуддин Алига тушади. Номзод салоҳияти ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун унинг рисолаларидан сўралади. Шунда Ғиёсуддин Али бир араб ва бир форс тилида ёзилган икки рисоласини тақдим қилади.
Амир Темур 1398 йилда Ғиёсуддин Алини саройга чақириб, унга “Ҳиндистон юриши кундалиги” китобини ёзишни топширар экан, Соҳибқирон муаррихни ўзи билан Ҳиндистон сафарига олиб кетади. Соҳибқирон китоб ёзиш жараёнига бефарқ бўлмай, муаллиф билан бўлажак китобдаги воқеалар, сўзлар, жойлар ва жанглар ҳақида баҳс юритар, муаррихга ҳамиша “китоб содда ва тушунарли тилда ёзилсин”, деб тайинлаб турган. Шу тариқа “Ҳиндистон юриши кундалиги” китобини ёзиш жараёни бошланади. Шарқшунос академик Бартольд ушбу “Ҳиндистон юриши кундалиги”ни воқеалар тафсилотларига қараб 1402 йилда битирилган деб таҳмин қилади.






































Кейинчалик ушбу китоб Амир Темур ҳаётлик чоғида ёзилган иккинчи китоб – Низомиддин Шомий қаламига мансуб “Зафарнома” асарининг ёзилиш жараёнида манба сифатида хизмат қилгани ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар келади.
Ушбу нодир асар шу пайтгача ўзбек тилига таржима қилинмаган ва кўпчиликнинг хабари йўқ манба ҳисобланарди. Илк бор Халқаро Амир Темур жамоат фонди ташаббуси билан она тилимизга таржима қилиниб, нашр этилди.
Шунингдек, тарихчи олимларимиз томонидан Амир Темур ва темурийлар даври тарихи тўғрисида олиб борилган тадқиқотлари ва ёзган илмий мақолаларини тўплаб инглиз тилида “Amir Temur’s lagasy of wisdom” номи билан нашр этилди. Ушбу асарда чоп этилган мақолалар ўзи қамраб олган муаммолари, ечимлари масалалари билан алоҳида аҳамиятга эга. Бу тўплам Амир Темур ва темурийлар даври тарихи устида илмий иш олиб бораётган изланувчилар, қизиқувчилар, талабалар ва умуман олганда темурийшунослар учун ўзининг алоҳида аҳамияти билан ажралиб туради.
Тадбирни очиб берган Фонд раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али қатнашувчиларга ушбу китобларнинг тарихи ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Шунингдек, сўзга чиққан Ҳамидулла Дадабоев, Хуршид Файзиев, Омонулла Бўриев, Ҳилола Назирова, Ҳилола Назирова, Абдумажид Мадраимов, Санжар Ғуломов, Тўлқин Алимардонов, Ҳаким Сатторий ва бошқалар ушбу китобларнинг тайёрланиш жараёни ва сабаблари ҳақида гапириб ўтишди.
Тақдимот сўнгида Халқаро Амир Темр жамоат фондининг 2 нафар фаоллари бўлмиш миллий телерадиокомпанияси “Mahalla” телерадиоканали” давлат муассасасининг “Маънавий, маърифий ва мусиқий дастурлар” муҳарририятининг катта муҳаррири Рўзибой Қўлдошев ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси иқтисодиёт бўлими бошлиғи Шерзод Ирзоев Фонднинг кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу тақдимот билан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирларга расмий старт берилди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати