Амир Темур мулкига сафар уюштирилди
#ҳудудлардан_хабарлар









Халқаро Амир Темур жамоат фонди Яккабоғ туман бўлими томонидан Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманига қарашли «Аччиғи» қишлоғига илмий сафар уюштирилди.
«Аччиғи» тарихий қишлоқ бўлиб, уни Шарафуддин Али Яздий – «Очиғий», M.Натанзий эса «Ниёзий» номи билан қайд этади.
Амир Темур бу қишлоқда мўғуллардан 48 кун яшириниб, кейинги харакатларини режалаштирган.
Дастлаб қишлоқ аҳлидан «Аччиғи» сўзининг маъноси сўралганда «аччиқ шамолли жой» маъносини беради», деган жавоб бўлди. Унинг тарихий илдизлари, Амир Темур билан боғлиқ жиҳатлари сўралганда эса «бобомиз қўниб ўтган…», деган жавоб билан чекланишди. Шундан сўнг баъзи масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида қишлоқдаги 54-сон умумий ўрта таълим мактабига кирилди. Мактаб маъмурияти таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбирида иштирок этилди.
Тадбирда Фоднинг Яккабоғ тумани бўлими бошлиғи И.Мейлиев сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади ва қишлоқнинг Соҳибқирон бобомиз билан боғлиқ томонлари тўғрисида сўзлаб берди. «Темур тузуклари»дан намуналар келтирди. Мактаб кутубхонаси учун Фонд номидан Амир Темур тарихига оид китоблар жамланмаси тухфа қилинди.
Тадбирдан сўнг мактабнинг олий тоифали тарих фани ўқитувчиси Бахтиёр Жуманов билан қишлоқ тарихи ва бугунги аҳолисининг этник таркиби хусусида сўзлашилди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, қишлоқда ҳозирги вақтда кенагас кавмига тегишли аҳоли яшайди, барлос кавми вакиллари учрамайди.
Сафар натижасига кўра қўшимча ўрганишлардан сўнг бу тарихнинг баъзи жихатларига ойдинлик киритишга йўл очилади.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахбоот хизмати