Куни кеча Халқаро Амир Темур жамоат фонди Андижон вилоят бўлими ташаббуси билан Избоскан туманидаги “Лидерлар мактаби” нодалат таълим муассасасида “Соҳибқирон Амир Темур – йирик давлат арбоби, буюк саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Соҳибқирон таваллудининг 689 йиллиги олдидан ўтказилган мазкур тадбирда фонд вилоят бўлими фаоллари, ижодкорлар, таълим муассасаси ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этишди.
Иштирокчиларга Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида видеоматериал намойиш этилди.
Тадбирда фонд ҳудудий бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳабиб Сиддиқ, Абдулҳамид Чўлпон жамоат фонди раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Орифжон Мелиев, таълим муассасаси директори Шуҳратбек Шодмоналиев, шоира Сайёра Солиева ва бошқалар буюк Амир Темур бобомизнинг ибратли ҳаёт йўли, давлат арбоби, саркарда, илм-фан ҳомийси сифатидаги фаолияти ва улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида сўзладилар, ёшларни пухта билим олиш, буюк боболаримизга муносиб бўлиш, ватан равнақига ҳисса қўшишга чақиришди.
Иқтидорли ўқувчилар томонидан “Темур тузуклари” асосида тайёрланган кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Давра суҳбати ўзаро самимий мулоқот тарзида, савол-жавоблар билан ўтди ва иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати