“ЁНИМИЗДАГИ ЁЗУВЧИ”
Янги китоб тақдимоти

Жорий йилнинг 12 март куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВнинг Халқаро Амир Темур жамоат фонди Андижон вилоят бўлими бошлтғи, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, “Шуҳрат” медали, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони соҳиби, таниқли ҳажвчи адиб, олим, публицист, драматург ва таржимон Ҳабиб СИДДИҚ ижоди ҳақидаги “ЁНИМИЗДАГИ ЁЗУВЧИ” деб номланган китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда таниқли адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этдилар.
Тақдимотда сўз олган Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати Муҳаммад Али, фонд раиси биринчи ўринбосари, профессор Адҳамбек Алимбеков, адабиётшунос олимлар Маъмуржон Саидхонов, Сиддиқ Мўминов, Зухриддин Исомиддинов, уюшма Андижон вилоят бўлими раҳбари, шоира Ҳуршида Ваҳобжон қизи ва бошқалар китоб муаллифи серқирра адибнинг ижодини атрофлича таҳлил қилишга, ижодий портретини яратишга интилганлигини ва бунга эришганлигини таъкидладилар.

Ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ номи адабиёт ихлосмандларига яхши таниш. Адибнинг “Тўқайга ўт тушса”, “Ким ошди савдоси”, “Бедаво дарднинг давоси”, “Инглизча туш”, “Чироғи ёниқ хонадон”, “Ўрага сичқон тушди”, “Ҳаёт йўлга ўхшайди”, “Хўжалик ҳисобидаги оила”, “Нимкоса, “Сайланма” каби насрий ва публицистик китоблари, “Яхшилар кўп дунёда, “Лаббай, хўжайин…” номли қиссалари чоп этилган, драматик асарлари пойтахт ва вилоят театрларида саҳналаштирилган, муҳлислар эътиборини қозонган.

Адиб асарлари асосида йигирмадан ортиқ телеминиатюралар, “Чўғ”, “Кичик корхонанинг катта ҳангомаси”, “Тақдирлар” видеофильмлари тасвирга олинган ва тез-тез намойиш этилмоқда.

Ҳажвия ва ҳангомалари рус, инглиз, турк, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилиниб Ватанимиз сарҳадларидан ташқарида ҳам ўз ўқувчиларини топиб бормоқда. Рус тилида “И смех, и грех”, қирғиз тилида “Нымкесе”, қорақалпоқ тилида “Эсим қурысин” тўпламлари чоп этилган.

Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар адибнинг турли йилларда ёзилган қиссалари, ҳикоя, ҳажвия ва ҳангомалари, кўнгилдаги гаплари, суҳбатлари, публицистик мақола ва таржималари мазмунан ранг баранглиги, ҳаётийлиги, ширали тили, ҳазил-мутойибага йўғрилганлиги, кутилмаган ечимлари, тагдор иборалару илмоқли гапларга бойлиги, салмоқдор ижтимоий юки ва фалсафий хулосалари билан ўқувчи эътиборини тортишини эътироф этдилар.

Адабиётшунос олимнинг китобидан ўрин олган мақолаларда адиб ижодининг турли қирралари – эстетик идеали, мавзу танлаши, содда ва самимий баён услуби, ўқувчини беихтиёр жилмайтирадиган ечимлари ва бошқалар меҳр ва маҳорат билан таҳлил қилинганлиги, асосли хулосалар чиқарилганлиги ва улар ёш ижодкорлар учун ҳам ўзига хос сабоқ бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Тақдимот сўнггида ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ ва адабиётшунос олим Абдураҳмон Пиримқулов сўзга чиқиб тадбир ташкилотчилари ва қатнашчиларига миннатдорчилик билдирдилар, фаол иштирокчиларга китоблар улашдилар.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати