Алфраганус университетида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан куни кеча Халқаро Амир Темур жамоат фонди, Фонднинг Тошкент вилояти бўлими ҳамда Алфраганус университети Педагогика факултети ҳамкорлигида Алфраганус университетида “Темурийлар даврининг буюк сиймолари – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Анжуманда Фонд раиси ўринбосари, Тошкент давлат Шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Алимбеков, Фонд ижрочи директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фаррух Расулов, Фонднинг Тошкент вилояти бўлими бошлиғи Муҳаббат Шоюсупова, навоийшунос, бобуршунос олимлар, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, олий ҳарбий ўқув юрти зобитлари, курсантлари ҳамда Унивреситет талабалари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққан Адҳамбек Алимбеков ўзининг “Навоий ҳақида илк турк достони” номли маърузасида тингловчилар учун янги бўлган бир қанча қизиқарли маълумотларни айтиб ўтди. “Бобур изидан” номли экспедицияда фаол иштирок этган Фаррух Расулов ўзининг шу номли маърузасида дунё бўйлаб Бобур бобомиз ҳамда бобурийларга алоқадор қадамжолар, бинокорлик ишлари-ю, босиб ўтган излари ҳақида ўз кўзи билан кўрган бир-биридан қизиқарли масканлар ҳақида иштирокчиларга бир талай маълумотлар айтиб ўтди. Кўтаринки руҳда ўтган анжуман барча иштирокчиларда ўзгача таассурот қолдирди. Тадбир сўнгида курсантлар ва Педагогика факултети талабалари ўртасида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижод намуналаридан рубоийлар ўқилиб, ғазалхонлик ўтказилди. Фаол иштирок этган ўқувчиларга Фонднинг эсдалик совғалари топширилди.






Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати