Амриддин Бердимуродов 70 ёшда
Куни кеча Cамарқанд шаҳрида Халқаро Амир Темур жамоат фонди Васийлик кенгаши аъзоси, тарих фанлари номзоди, археолог Амриддин Бердимуродовнинг 70 йиллик таваллудига бағишланган юбилей кечаси ҳамда унга ҳамоҳанг тарзда “Суғд ва Чочнинг қадим ва ўрта асрлар даври маданияти ҳамда диний эътиқодлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор Муҳаммад Али, Тошкент давлат Шарқшунослик университети профессори, адабиётшунос олим, Фонд раиси ўринбосари Адҳамбек Алимбеков, Фонднинг ҳудудий бўлим бошлиғи Зуҳра Бегим, Вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” газеталари Бош муҳаррири Фармон Тошшев, Фонднинг ҳудудий бўлими фаоллари, шунингдек, бир қанча маҳаллий ва хорижий профессор-олимлар иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов очиб бериб, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, Фонд раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али сўзга чиқиб, Амриддин Бердимуродовнинг нафақат илм-фанга, балки Фондга ҳам илмий нафи тегиб келаётганини таъкидалди. Фонд раиси кеча қаҳрамонини самимий табриклаб, унга Фонднинг кўкрак нишонини ва эсдалик совғаларини топширди.
– Биз Амриддин Бердимуродовни адиб деб ҳисоблаймиз, – деди ўз нутқида Фонд раиси, профессор Муҳаммад Али. – Сабаби, унинг китоблари бадиий тафаккур билан йўғрилган бўлади. Масалан, “Самарқанд тарихидан томчилар”, “Ватанга нажот” деган китобларида жуда катта маълумотлар жамланган. Унинг асарлари ёзувчиларга ҳам илҳом беради. А.Бердимуродов “Самарқанд тарихидан томчилар” деган китобида Клеопатра Спитаменнинг авлоди дейди. Мана шу жумла менга илҳом берди ва тарихни ўрганиб чиқдим. Натижада 2020 йилда Клеопатра ҳақида роман ёздим. Ушбу асарим бугунги кунда китобхонлар томонидан яхши ўқиляпти ҳамда бошқа тилларга ҳам таржима қилиняпти.
Халқаро илмий-амалий конференциянинг очилиш маросимида олимлар, археолог ҳамда хорижий меҳмонлар ўз илиқ тилакларини билдирди. Тарихчи, олим, археолог Амриддин Бердимуродовнинг келгуси фаолиятига омад, ўзига узоқ умр, оиласига тинчлик-хотиржамлик тилаклари билдириб ўтилди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати