янги танлов эълони
Парламент комиссиясининг
2024 йил 13 июндаги 17-сонли
қарорига 2-илова
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди
“Жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, ҳуқуқий онгини юксалтиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш” мавзуида Давлат грантлари ажратиш учун 4-танловни
ЭЪЛОН ҚИЛАДИ
Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари қабул қилинади:
- Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий қоидалари, тамойиллари ва мақсадларини очиб беришга, қонун нормалари ҳақида билимлар тарғиботига қаратилган махсус нашрлар, мақолаларни тайёрлаш ва чоп этиш;
- Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ННТ фаоллигини ошириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш;
- Аёллар, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлашда давлат органлари билан ижтимоий шерикликни кучайтириш;
- Аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида, маҳаллалар ва таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг асосий принципи ва нормалари мазмун, моҳиятини етказишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
- Қурилиш ва ободончиликка оид қарорларни маҳаллий даражада муҳокама қилишни ҳамда жамоатчилик экспертизасидан ўтказишни йўлга қўйишга кўмаклашиш;
- Жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтириш;
- Аҳоли учун бепул кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш устидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини ва инновацион усулларини жорий этиш;
- Хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
- Одам савдоси, ноқонуний меҳнат миграциясидан жабр кўрган аҳолига тизимли профилактик тарғибот, ташвиқот ва реабилитация чора тадбирларини амалга оширишда жамоатчилик назоратини кучайтириш;
- Ноқонуний меҳнат миграциясидан, мажбурий меҳнат ва камситишлардан жабрланган шахсларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
- Низоли вазиятлар, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш ҳолатларини ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни эрта бартараф этишда давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни шакллантириш;
- Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш орқали қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини юксалтиришга кўмаклашиш;
- Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни ўрганиш, коррупцияга қарши курашда фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ фаолияти эркинлигини таъминлаш;
- Коррупцияга қарши курашиш ва жамоатчилик назорати соҳасида умумэътироф этилган халқаро стандартлар, чет эл ижобий тажрибаларини жорий этиш;
- “Ўзбекистон-2030” стратегияси мазмун моҳиятини замонавий технологиялар орқали тарғибот қилиш ва аҳолига етказиш.
Давлат гранти ажратиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
- Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fondngo.uz расмий веб сайти ва https://t.me/GROUP_JAMOAT_FONDI телеграм каналида жойлаштирилган ва янги юкланган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;
- Охирги ўзгартириш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;
- Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
- Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси;
- Ташкилотнинг солиқ қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома;
- Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсия ҳамда қўллаб-қувватлаш хатлари.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 200 миллион сўмгача.
Ҳужжатлар 2024 йил 4 июлдан 5 августгача қабул қилинади.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига “Ўзбекистон почтаси” орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035, Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй.
Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fondngo.uz расмий веб сайтида танишиш мумкин.
Маълумот учун телефонлар: (78) 238-23-76, (78) 238-23-77.