Навоий вилоятида янги тадбирлар режалаштирилди
#ҳудудлардан_хабарлар
Навоий вилоятида қардош қозоқ халқининг улуғ фарзанди Айтеке бей таваллудининг 380 йиллигини кенг нишонлаш ишларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Тадбир дастурлари 2024 йилнинг 16-17-18 май кунлари Навоий вилоятининг Конимех ва Нурота туманлари ҳамда Навоий шаҳрининг маданият саройлари ва истироҳат боғларида бўлиб ўтиши белгиланган. Ушбу анжуман ўзбек ва қозоқ халқларининг азалий қардошлик қадриятлари асосида кун сайин ривожланиб бораётган дўстлик ва биродарлик алокаларининг янада мустахкамланиб бораётганлигининг ёрқин намунасидир. Кўпчиликка яхши маълумки, Навоий вилоятининг Қизилқум сахроси кенгликларида қадимдан ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ кўчманчи чорвадорлари умргузаронликда яшаганлар. Ўз замонида уларнинг ўзаро аҳиллик ва фаровонликда яшашларида Айтеке бейнинг хизматлари беқиёс эди. Мустақиллик йилларида Айтеке бейнинг Нурота туманидаги мақбараси қайта қурилди. Зиёратчилар учун барча шарт-шароитларга эга бўлган мажмуа барпо этилди. Шу жумладан мажмуа таркибида тарихий музей ҳам қурилиб фаолият кўрсата бошлади. Ушбу музей илмий консепцияси ва экспозицияси Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими мутахасислари томонадан яратилди. Бой тарих ва турфа хил маданиятлар ҳақидаги қизиқарли маълумотларга эга бўлган музей кўргазмаси анжуман иштирокчиларига муносиб туҳфадир.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати