Саломатлигимиз посбонларига касб байрами билан табрикланди
Яқинда юртимизда кенг нишонланган тиббиёт ходимлари байрами куни муносабати билан Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Тошкент вилоят бўлими бошлиғи Муҳаббат Шоюсупова тиббиёт ходимларини касб байрами билан қизғин табриклади.
Сана муносабати билан Бўстонлиқ туманидаги тиббиёт бирлашмасида ўтказилган тадбирда қатнашиб, саломатлигимиз посбонларини қутлаган Муҳаббат опа ўз сўзида Амир Темур даври тиббиётига ҳам алоҳида тўхталиб, «Амир Темур нафақат ўз юртини ва ўзга мамлакатларни мўғуллар зулмидан қутқарган, балки бунёдкорлик ишларию, илм-фан ва бошқа соҳаларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган, шунингдек, халқ соғлиги йўлида ҳам жуда кўп ишларни амалга оширган шахсдир. Соҳибқирон юрт ободончилиги ва аҳоли соғлигига алоҳида эътибор берган. Бу ҳақда «Темур тузуклари»да шундай дейилади: «Яна амр этдимки, …катта-кичик ҳар бир шаҳар, қишлоқда касаллар учун шифохона қурдирсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласинлар.» Дарҳақиқат Амир Темур даврида ҳар бир шаҳарда шифохона бўлган. Уларда билимли ва тажрибали табиблар ишлаганлар» – дея таъкидлаб ўтди.
Тадбирда иштирокчиларга бўлим томонидан тайёрланиб, чоп этилган «Амир Темур даврида тиббиёт» номли буклет тарқатилди. Шунингдек, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиялаштирган «Инсон қадрини улуғлаш – энг олий саодат» грант лойиҳаси режасига асосан узоқ йиллар юрт соғлиги йўлида самарали меҳнат қилган фахрий тиббиёт ходимларига грант маблағлари ҳисобидан олинган совғалар улашилди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати