Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

Амир Темур

(+99871) 232-02-27

Биз билан алоқа

info@temuriy.uz

Электрон почта
 Амир Темур солномаси

Амир Темур солномаси

Амир Темур солномаси

Амир Темур қачон ва қаерда туғилган?
Амир Темур (Темурбек)нинг тўлиқ исми – Амир Темур ибн Амир Тарағай. Тўқсон икки уруғли ўзбекларнинг Барлос қавмида милодий 1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилади.

Отаси – Амир Тарағай, (Тарағайбек) туғилган йили манбаларда келмаганлиги сабабли номаълум, вафоти эса 1360 йилда дейилади. У барлос қабиласининг нуфузли оқсоқоли эди. Амир Тарағай Туркистоннинг ўша пайтдаги ҳукмдори Амир Қозоғон олдида ишонч қозонган ҳурмати бор беклардан бўлиб, Чиғатой улуси беклари қурултойларига қатнашиб турганлиги айтилади. Ҳарбий ишларга истаги йўқ, тақводор мусулмон, вақтини дарвешлар билан ўтказарди. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, «Тарағайбек уламо ва сулаҳо ва муттақийларга мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди…».
Онаси – Тегина Хотун, Такина бегим, Такина Моҳбегим (тахм. 1318, Бухоро – 1353, Шаҳрисабз) Бухоро уламолари пешвоси мавлоно садр аш-шариъа, яъни шариат қонунларини шарҳловчи аллома Убайдуллоҳ ал-Бухорийнинг қизи бўлган. Милодий 1334 йил 16 ёшда Тарағайбекка узатилган. Орадан икки йил ўтгач, Темурбек таваллуд топди. Шундан маълумки, Темур бобомиз ҳар икки томондан диний илмдор оилада дунёга келган ва камол топган.
Бобомизнинг онаси ва отаси Шаҳрисабзда дафн этилган бўлиб, Амир Темур онаси хотирасига баландлиги етмиш бир метр келадиган дунёга машҳур Оқсарой ёдгорлигини бунёд эттирди.

Амир Темур юлдузи

Ривоятларга қараганда, кунлардан бир кун Соҳибқироннинг саккизинчи бобоси Қочувли баҳодир туш кўрибди, тушида унинг қўйнидан бир юлдуз учиб чиқиб жамол кўргизибди ва шу заҳотиёқ сўнибди, кейин иккинчиси, учинчиси, тўртинчиси ярқираб чиқибди, бари сўнаверибди. Бу ҳол етти марта такрорланибди. Бироқ саккизинчи мартасида катта порлоқ юлдуз отилиб чиқибдию, бутун дунёни ёритиб юборибди! Мана шу Амир Темур юлдузи деб тахмин қилинади. Ундан яна бир неча кичик юлдузлар пайдо бўлибди, катта порлоқ юлдуз мағриб чизиғига бош қўйиб сўнгандан кейин, кичик юлдузлар порлашда давом этибдилар…
Манбаларда Соҳибқирон бобомиз кичиклигиданоқ Қуръони каримни ёд олгани айтилади, Қуръон ўқишда унинг овози қориларники каби салобатли ва ёқимли бўлган.

Амир Темурнинг болалиги

Болалигиданоқ табиатан оғир, босиқ, зеҳни ўткир, шошилмай фикрлайдиган Темурбек даставвал мактабда сабоқ олди, саводини чиқарди, устозлар назоратида камон дастасини ушлаш, ўқ узиш, найза тутиш, отларни саралай олиш, шикорлар уюштириш, турли олишув, курашлар, чавандозлик ва қиличбозлик қилиш сирларини яхшилаб ўрганди.
Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Темурбек ўн икки ёшида тенгқурлари билан “пошшо-вазир” ўйнашар экан. Темурбек подшо бўлар, қолганларнинг ҳар бирига бир “мансаб” берилар, қамишдан ясалган ”гуноҳкор” одамни жазолаб, “юрт” бошқарар эканлар. Ўн икки ёшлигидаёқ юрт бошқариш ҳавосини олишга интилиш кучли бўлган, ниятни катта қилган.
Кичиклигиданоқ Қуръони каримни ёд олганлигини айтишади, қуръон ўқишда унинг овози қориларники каби салобатли ва ёқимли бўлган.

1360-1370 йилларда Турондаги вазият

Милодий 1358 йилда Турон(Мовароуннаҳр) ҳукмдори Амир Қозоғон ўлдирилгандан кейин юртда бошбошдоқлик авж олиб кетди. Тарихчи Хондамирнинг хабар беришича, мамлакат парчаланиб ўнга яқин бекликларга бўлиниб кетган, ҳукмдорлар ўзаро низолар, жанглар билан овора, бирлашишни ўйламасдилар. Шу сабабдан Мўғулистон хони Туғлуқ Темурхон 1360-1361 йилларда ягона ҳокими йўқ юртимизга босқин уюштирганда унга бас келадиган куч топилмади.
Амир Темур ана шундай вазиятда тарих майдонига кириб келди. Худо келажакда улуғ салтанат барпо қилишни унинг кўнглига жо этган,м манглайига шундай баxтни битган эди. Бунинг учун мамлакатни бирлаштириш лозим бўларди. У асло тин билмади, ўзи емай eдирди, ичмай ичирди, ўзбошимча амирлар бошини бир жойга қовуштира олди.
Оғир курашлардан кейин милодий 1370 йилда Амир Темур давлат бошига келди. Шу пайтгача уни Темурек дердилар, энди унинг номи Амир Темур Кўрагон, деб тўлиқ айтиладиган бўлди. Турон тарихида 1370 йил 9 апрелдан бошлаб мутлақо янги саҳифалар бошланди.

Мустақил Турон давлатига асос солиниши

Соҳибқирон Амир Темур Қашқар, Еттисув, Туркистон ва Хоразмнинг бир қисмидан иборат Чиғатой улусининг вориси сифатида майдонга чиқди ва улус ерларига тўлиқ эгалик қилишни ўзининг қонуний ҳуқуқи деб ҳисоблади. Ўша пайтдаги таомилга кўра, давлатга Чингизхон асос солган, шунинг учун фақат унинг авлодидан бўлганларгина хон аталишга лойиқ кўриларди.
Амир Темур давлат бошига келишдан олдин чингизий Суюрғатмишхонни номигагина хон қилиб кўтарди, сохта обрўлар кетидан қувишга эҳтиёжи бўлмаган Соҳибқирон ўзини хон деб атамади, чунки у хон авлодидан эмас, балки оддий халқ ичидан чиққан қаҳрамон эди. Самарқандни Турон салтанатининг пойтахти деб белгилади, 1391 йилда Тўхтамишхонга қарши жангга бораётиб, Дашти Қипчоқдаги Улутовда улкан тошга она тилимиз – эскиўзбек тилида хотира сатрларини ўйдириб ёздирганда, ўзини “Турон султони” деб атади.
Биринчи қадамлар парчаланиб кетган улусни – Турон мамлакатини бирлаштиришдан бошланди. Бу ишни амалга ошириш учун Жета(бошқа номи Мўғулистон)га беш марта, Хоразмга беш марта юриш қилишга тўғри келди. Пароканда мустамлака юртимиз яхлитлик мақомига эга бўлиб, озодликка эришди. Мустақил Турон давлатига асос солинди.
Бу тарихимиздаги диққатга сазовор улкан воқеалардан биридир.
Ўттиз беш йил (1370-1405) ҳукм сурган Соҳибқирон Амир Темур Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангадан то Олтин Ўрда, ундан нари Московиягача, Мисрдан то Жетагача, Тянь-Шандан то Босфоргача улкан империя барпо этди.
Амир Темур теран ҳикматларга бой «Темур тузуклари» китобининг муаллифи ҳисобланади. Нодир ёдгорликка айланган “Тузуклар” ҳаётий зарурат юзасидан дунёга келган давлат қонунларини ўзида жамлаган, буюк давлат арбоби ва саркарданинг ҳаёт йўлини ёрқин ифода этган асар сифатида бизга қадрлидир.
Амир Темур, энг аввало, мустақил улкан Турон давлатини тузган ватанпарвар, буюк давлат арбобидир, Ватанимизни мўғул босқинчиларидан озод этган халқ қаҳрамонидир. У мустабидларга қарши кураш ва мустақил давлат бунёд этиш ўзининг зиммасида турган буюк тарихий ватанпарварлик бурчи эканлигини чуқур англаб етди. Юртимизда машҳур бўлиб кетган: “Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир” деган сўзлар замирида ана шундай теран маъно мужассамдир.

“Соҳибқирон” сўзининг маъноси

Соҳибқирон сўзининг арабча саодатли, зафарли, ғолиб маънолари бор. Илми нужум(астрология)да ва афсоналарда Миррих(Марс) – қуввату шавкат сайёраси мақомидадир, дейилади, Муштарий(Юпитер) – омаду иқбол, музаффарияту шодиёналар сайёраcи сифатида таърифланади. Шу икки сайёранинг бир буржда учрашган вақти саодатли лаҳзалардур, уни “қирон” дейдилар, шундай вақтда туғилган бола ўша қирон соҳиби ҳисобланади. Бундай боланинг бахтли, улуғ мартабалар эгаси бўлиши олдиндан башорат этилади. Шарқ мамлакатларида фалакиқтидор ҳукмдорларга бериладиган шарафли унвон. Амир Темур Кўрагон шу унвонга мушарраф бўлганлар.

Уч йиллик, беш йиллик, етти йиллик юришлар ва уларнинг сабаблари

Амир Темур урушнинг айтгани-айтган, дегани-деган қаттол бир бир замонда яшади, қиличу найзага суянган бу замоннинг ҳеч кимга бўйсунмайдиган ўз қонунлари бор эди. Уларга риоя қилмаслик ёки четлаб ўтишлик мимкин эмасди. Шуни таъкидлаш жоизки, Соҳибқирон Худо измидан чиқмайдиган бандаларидан эди, ҳеч қачон биринчи бўлиб бошламасди, савашишларни ёқтирмасди. Унинг юришлари барчаси заруратдан келиб чиқарди. Энг аввало у урушнинг олдини олиш чорасини изларди. Айрим ҳолларда, қайсидир мамлакатда зулм ортиб издан чиқиб кетган бўлса, у жойнинг улуғлари Соҳибқирон Амир Темурга кўмак сўраб мурижаат қилишарди. Масалан, Эрон, Ироқ ва ҳ.к. Амир Темур ўз «Тузуклар»ида дават ишларининг тўққиз улушини қиличга қолдирганини ёзган. У умр бўйи бунга риоя қилди. Мухолиф мамлакатга такрор-такрор элчилар юборар, қуда-андачиликни йўлга қўйишга тиришар, қариндошчиликни ривожлантириш йўлларини изларди. Бунинг ёрқин мисоли Хоразмнинг гўзал маликаси Хонзода хонимнинг Турон салтанати валиаҳди амирзода Жаҳонгир Мирзога узатилиши эди.
Амир Темурнинг «уч йиллик» (1386-1388), «беш йиллик» (1392-1396), «етти йиллик» (1399-1404) юришлари тарихдан маълум. Бу юришлар замирида Буюк Ипак йўлига эгалик қилиш учун курашлар ҳам ётади. Савдо йўллари давлатга катта даромад келтиришдан ташқари, халқаро сиёсий майдонда мавқе, обрў-мартабани юксак даражага кўтарарди.
Амир Темур юришлари, урушлар, албатта, ўз асоратларини қолдирди, лекин уларнинг жаҳон тарихида ижобий томонлари борлиги ҳам ҳақиқат.
Соҳибқироннинг юришлари Хитойда Мин сулоласи давлат бошига келганда мўғулларнинг Хитойга солаётган хавфини бартараф этди…
Олтин Ўрда ҳоқони Тўхтамишхон билан 1391, 1395 йилларда олиб борилган улкан жанглар Россияни мўғуллар зулмидан халос қилди, рус халқига марказлашган давлат тузиш имкониятини яратди.
Амир Темурнинг Усмонлилар империяси устидан қозонган ғалабаси Европани усмонлилар мустамлакасидан қутқариб қолди, уни Европа халоскорига айлантирди, Византия империяси умрига ярим аср умр қўшди. Француз тарихчиси Рене Груссе ХХ аср бошларида: «Амир Темурнинг Боязид устидан ғалабаси христиан оламини асраб қолди», деб ёзган эди.

Амир Темур дипломатияси

Амир Темур узоқни кўра оладиган моҳир дипломат сифатида тарихда чуқур из қолдирди. Ўша йилларда дунёнинг чеккаси ҳисобланган Испания (Кастилия) мамлакати (у пайтда Америка кашф этилишига ҳали юз йиллар бор эди) қироли Энрико Ш, Франция қироли Карл VI, Англия қироли Генрих IV саройларига алоқалар боғлаш учун элчилар йўллади, мактублар ёзди, мактублар олди. Ўз навбатида испан, француз, инглиз, хитой ва бошқа хорижий мамалакатлар элчилари унинг саройига тез-тез ташриф буюриб туришар эди.
У улкан давлат арбоби сифатида дунёнинг геосиёсий вазиятини чуқур англаб етди Европа ва Осиё ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ягона макон яратиш чораларини қидирди. Бунда ўзаро савдо-иқтисодий муносабатлар ўрнатилишига катта эътибор берди. Жаҳоннинг кучли давлатлари билан яхши алоқаларни йўлга қўйди. Бу маънода бир тарафдан – Хитой, Ҳиндистон, иккинчи тарафдан – Франция, Англия, шунингдек, усмонлилар империяси, Испания, Италия, Миср ва бошқа давлатларни айтиб ўтиш мумкин. Соҳибқирон фаолиятининг жаҳоншумуллиги ҳам шунда намоёндир.

Куч – адолатда

Шарқда “одил подшо” тушунчаси қадим-қадимдан мавжуд ва халқимиз ана шундай подшони ҳамиша орзу қилган, “Бир одил подшо бўлса, Ҳар ким суйганин олса…” деб қўшиқлар куйлаб келган. Соҳибқирон Амир Темур ана шундай подшо бўлишга интилди. “Куч – адолатда” сўзлари Амир Темур узугига ўйиб ёзилган ва давлат муҳрида ҳам акс этган эди. “Мамлакат зулмга чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди”, деб ёзганди Амир Темур ўз “Тузуклар”ида. Бу – салтанат шиори.
Соҳибқирон бунга қаттиқ амал қиларди. Адолатнинг кучи шунчалар юксак эдики, агар мамлакатда бирор одам бир табақ олтин ё кумушни бошига қўйиб, мағрибдан машриққача борса, ҳеч ким унга қўл чўзмас, олтин ё кумушдан биттаси ҳам камаймасди.
У ҳар қадамда, хоҳ ўзининг фарзандлари бўлсин, хоҳ бошқа фуқаро – барчага бирдай адолат кўзи билан қарарди. Сафарлардан қайтиб келганда, шахсан ўзи бозорни текширар, агар қассобу баққол, новвойлар ва ҳоказолар фойда топаман, деб нарх-навони ошириб халққа азият етказган бўлсалар, адолат русуми бузилганини кўрса, эл олдида ўша гуноҳкорнинг аёвсиз жазосини берарди. Ёлғон гапни ёқтирмасди. Адолат тамойилларидан четга чиққани учун, ўғли амирзода Мироншоҳ, набиралари амирзода Пир Муҳаммад, Султон Ҳусайн Мирзолар жазоланганлари тарих китобларидан маълум.
Тарихчи Низомиддин Шомий “Зафарнома“да Амир Темурнинг 1366 йилда, ҳали давлат тахтига минмасдан тўрт йил аввал айтган шундай сўзларини келтиради: “Қайси бир подшоҳ ўз ишини ғаддорлик ва бевафолик асосига қурса, кишиларга озор бериш ва ҳалок қилишга ошиқса, унинг давлати чайқалиб, қарорсизликка юз тутади… Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганлигимиз сабабли уларни юпантириб, хотиржам қиламиз…”
Одамларга, демак халққа эътибор бериш ва ҳимоя қилиш – Соҳибқирон адолатининг бош ўзагини ташкил қилар эди.
Ҳамма жойда амалда бўлган “Куч – адолатда” шиори бутун Турон давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланди.

Амир Темур – бунёдкор

Амир Темур – феълида қуриш, яратиш руҳи, шижоати кучли
халқнинг фарзанди, табиатан бунёдкор бўлиб туғилган монанди йўқ зот эди.
“…Амр этдимки, – деб ёзади Амир Темур “Тузуклар”да, – катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсунлар, фақиру мискинларга лангархона(мусофирхона) солсунлар, касаллар учун шифохона қурдирсунлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласунлар. Ҳар бир шаҳарда дор ул-аморат(ҳукмдор саройи) ва дор ул-адолат(адолат саройи) қурсунлар…”
Бунёдкорлик Соҳибқирон даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилган эди, дейиш мумкин. Амир Темур фақат ўз мамлакатидагина эмас, балки бошқа юртларда ҳам бунёдкорлик ишларини амалга оширгани бунинг далилидир. Даставвал салтанат пойтахти қилиб белгиланган Самарқандни дунёнинг энг обод шаҳарига айлантирди, улуғворлигини кўрсатиш учун, атрофида Дамашқ, Бағдод, Миср, Шероз, Султония каби дунёнинг машҳур шаҳарлари номлари билан аталган, боғ-роғларга кўмилган яшнаган қишлоқлар барпо қилдирди.
Мамлакатда йўллар кенгайтирилди, кўприклар солинди, работлар тикланди, бозорлар оросталанди, бинолар қад кўтарди, хиёбонлар барпо этилди, боғлар яшнади. Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо бу боғларда сайр қилган ва ўз кундаликларида улар ҳақида завқ-шавқ билан қалам тебратган. Уларнинг ичида Гулбоғ, Боғи Дилкушо, Боғи Чинор, Боғи Нав ва бошқа боғлар номи бор. Самарқандда Кўксарой, Амир Темур Жоме масжиди, Бибихоним мадрасаси, масжиди, Қусам ибн Аббос меъморий мажмуи, Амир Темур мақбараси, Шаҳрисабзда Дор ут-тиловат мажмуи, муҳташам Оқсарой, Туркистон шаҳридаги Хожа Аҳмад Яссавий хонақоҳ-мақбараси, Тошкент яқинида Занги ота мақбараси, Озарбайжонда Наҳри Барлос ариғи, Кобул атрофлари, Фарғона водийси, Мурғоб водийсидаги ерларга, Озарбайжондаги Муғон чўлларига сув чиқарилиши, Шоҳрухия, Байлақон шаҳарларининг бунёд этилиши, Табриз, Бағдод, Гурганж шаҳарларининг қайта тикланиши ва яна кўп жойлар ҳақида сўз айтиш мумкин.
Шарафиддин Али Яздийнинг: “Соҳибқирон ҳар ердаким, иморатқа қобил ер кўрса эрди, ул ерда албатта бир иморат солур эрди…” деган сўзлари зинҳор муболаға эмас.

Амир Темур – илм-фан ҳомийси

Амир Темурнинг илм-фан ҳомийси сифатидаги хизматлари таҳсинларга сазовордир. Қайси мамлакатдаки хотиржамлик, тинчлик, дориломонлик бўлса, гул экиш, экин тикиш, ниҳолни парвариш этиш, уй қуриш, илм ўрганиш, китоб ёзиш, ашула айтиш, боғлар барпо этиш имкони туғилади, бир сўз билан айтганда, инсонлар қалбида маънавият чечаклари япроқ ёзади. Ва табиийки, мамлакатда илм ва фаннинг ривожланиши учун ана шундай хотиржамлик ва моддий таъминланганлик бўлиши керак. Амир Темурнинг Турон салтанатида илм-фаннинг ривожланиши, униб-ўсиши, камол топишига қулай шароитлар, улкан имкониятлар яратиб бергани ҳақида ҳар қанча мақтаниб гапирса арзийди.
Амир Темур, кўп машҳур муаррихлар таъкидлаганларидек, илмнинг қадрига етадиган, уни ривожлантиришга астойдил бел боғлаган, дунёнинг энг етук олимлари, тарихчилари билан бемалол суҳбатлаша оладиганзукко ва донишманд ҳукмдор эди. Илм-фанга қизиқиш Амир Темурнинг хонадонидан бошланган эди десак, тўғрироқ бўлади. Соҳибқирон хонадонида фарзандлар(шаҳзодалар, маликалар)га илм-фаннинг турли соҳаларидан кўп сабоқлар берилар, мадрасаларда таҳсил олишлар давом этдириларди. Масалан, Мироншоҳ Мирзо учун махсус Ибн ал-Асирнинг “Ал-комил фит-тарих” (Мукаммал тарих) китобини таржима қилиб берилган эди. Соҳибқирон ҳаракатлари туфайли, унинг авлодлари ичида Муҳаммад Султон, Улуғбек Мирзо, Иброҳим Султон, Бойсунқур Мирзо, Султон Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Кўчкунчихон, Комрон Мирзо, Гулбаданбегим, Зебуннисо каби шоирлар, олимлар, муаррихлар, хаттотлар, ҳомийлар, маънавият ва маърифат жонкуярлари бор бўлиб, уларнинг барчаси илм-фан, маънавиятнинг қадрига етадиган ажойиб инсонлар сифатида камолга етдилар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан маданиятимиз юксак даражаларга эришди.
Аввало, дунёда ҳеч бир ҳукмдор ўз набирасининг жаҳоншумул аллома бўлиб етишгани билан Амир Темурга тенглаша олмайди! Бу мисли кўрилмаган ҳодиса! Мана қаранг: ифтихоримиз боиси – Соҳибқирон набираси, Амир Темур ва Сароймулкхонимлар қўлида, ардоғида ўсиб, саройда тарбия топиб, камолга етган Улуғбек Мирзо! Унинг астрономия мактаби айнан Самарқандда яратилди. Замонанинг илғор расадхонаси барпо этилди. 1018 та юлдуз таърифини ўз ичига олган “Зижи жадиди Кўрагоний” жадвали жаҳон фанига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Улуғбек Мирзонинг “Тўрт улус тарихи” номли асари эса халқимиз тарихини англаб етишда катта аҳамиятга эга.
Соҳибқирон Амир Темур даври тарихини тўлиқ ва ишонарли ёритиб берган Шарафиддин Али Яздийнинг фундаментал “Зафарнома”(1425) асари Соҳибқироннинг набираси Шероз ҳокими, шоир ва хаттот Иброҳим Султоннинг раҳбарлиги, фидойилиги ва ҳомийлиги остида дунёга келди. 1519 йилда Улуғбек Мирзонинг набираси Кўчкунчихон топшириғи билан мазкур “Зафарнома” ва Рашидиддиннинг “Жоме ут-таворих” асарлари ўзбек тилига таржима қилинди.
Қолаверса, жаҳон адабиётининг буюк намоёндаларидан ҳисобланган Алишер Навоийнинг ижоди, Лутфий ва Султон Ҳусайнлар шеърияти, алломалар Қозизода Румий ва Али Қушчи асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг дурдона миниатюра расмлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо “Бобурнома”си, гўзал шеърияти, илмий асарлари, муаррихлар Ғиёсиддин Али, Низомиддин Шомий, Муиниддин Натанзий, Ҳафизи Абрў, Шарафиддин Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Фасих Хавофий, Хондамирларнинг солномалари барча-барчаси Темурийлар даврининг маҳсулидир.

Соҳибқироннинг пирлари

Амир Темурнинг ёшликданоқ машҳур дин уламолари ва шайхларга эътиқоди баланд бўлиб, бу хислат унга падари бузруквори Амир Тарағайдан ўтган эди.
Соҳибқироннинг бир неча пирлари бўлган, уларни икки гуруҳга ажратиш мумкин.
Биринчи гуруҳга руҳониятли пирлар, яъни Соҳибқирон туғилгунга қадар яшаб ўтишган табаррук зотлар – Туркистон мулкининг шайх ул-машойихи Хожа Аҳмад Яссавий, Султон Бурҳониддин Қилич, Шайх Нуриддин Басир(Қутби Чаҳордаҳум), Шайх Бурҳониддин Соғаржий ва Шайх Сафиуддин Ёқуб Ардабилийлар киради. Соҳибқироннинг мазкур зотлар руҳларига эҳтиромлар кўргизиб, ҳар бирига алоҳида мақбаралар тиклаганликлари, авлодларини эъзозлаб келганликлари ўзига пир тутганликларига исбот бўла олади.
1397 йил куз ойларида Амир Темур Тошкент сари равона бўлди, ундан ўтиб Яссига борди ва Хожа Аҳмад Яссавий мозорини зиёрат қилди. “Бу азиз Муҳаммад Ҳанифа ўғлонларидин турур, алайҳи ва ала олиҳи вассалом”, – дейди Соҳибқирон пир турбатини тавоф айлар экан. “Буюрдиким, – деб ёзилади Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида, – ул мозориға устига иморати олий солдилар ва бир улуғ тоқ (гумбаз) боғладиларким, кўк била сўзлашур эрди…”
Иккинчи гуруҳга Соҳибқироннинг замондошлари, Улуғ Амир бевосита эътиқод этган ва иродат йўлини берган пирлар – Шайх Шамсиддин Кулол, Шайх Зайниддин Абу Бакр Тойбодий, Мир Саййид Барака жаноблари мансубдирлар. Шайх Зайниддин Абу Бакр Тойбодий Амир Темурга “Куч – адолатда” сўзлари ўйиб ёзилган тилло узук, Мир Саййид Барака эса биринчи учрашувдаёқ салтанат тимсоли бўлган ноғора ва байроқ туҳфа қилган эдилар. Ўзининг руҳий мадади, кўмаги билан ҳамиша Соҳибқиронга камарбаста бўлган Мир Саййид Барака то сўнгги нафасгача Соҳибқирон Амир Темур билан бирга умргузаронлик қилди.
Ушбу пирлар ҳақида тарихий манбалар(“Темур тузуклари”, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи”, Ҳафизи Абрўнинг “Зубдат ут-таворих”, Фасих Хавофийнинг “Мужмали Фасихий” ва бошқа асарлар)да маълумотлар келтирилган.

Амир Темур фарзандлари

Аллоҳ таоло Соҳибқиронга кўп фарзандлар ато этди. Улардан эл корига ярайдиган бўлиб вояга етганлари – олтита, яъни тўрт ўғил, икки қиздан иборат.
Тўнғич ўғил – 1356 йилда Турмиш-оқа деган хотинидан туғилган Жаҳонгир Мирзо, валиаҳд эди, 1376 йилда авж гуркираб турган шаҳзода йигирма ёшида бетобликдан дунёдан кўз юмди. Ундан икки ўғил – Муҳаммад Султон билан Пир Муҳаммад Жаҳонгирлар қолган.
Қабри Шаҳрисабзда.
Иккинчи ўғил – 1356 йилда Тўлин-оқа деган канизагидан туғилган Умаршайх Мирзо. 1394 йилда ҳалок бўлган. Ўттиз саккиз йил умр кўрган. Ундан олти ўғил қолган: Пир Муҳаммад Мирзо, Рустам Мирзо, Искандар Мирзо, Аҳмад Мирзо, Сайид Аҳмад Мирзо, Бойқаро Мирзо.
Қабри Шаҳрисабзда.
Учинчи ўғил – 1366 йилда Менгли бика-оқа деган канизагидан туғилган Мироншоҳ Мирзо. 1408 йилда ҳалок бўлган. Қирқ икки йил умр кўрган. Ундан олти ўғил қолган: Абу Бакр Мирзо, Умар Мирзо, Халил Султон Мирзо, Султон Муҳаммад Мирзо, Ийжал Мирзо, Суюрғатмиш Мирзо.
Қабри Самарқандда, Амир Темур мақбарасида.
Тўртинчи ўғил – 1377 йилда Тағой Туркон-оқа деган канизагидан туғилган Шоҳрух Мирзо. 1447 йилда вафот этган. Ундан етти ўғил қолган: Улуғбек Мирзо, Иброҳим Султон Мирзо, Бойсунқур Мирзо, Суюрғатмиш Мирзо, Муҳаммад Жўки Мирзо, Жон Ўғлон, Муҳаммад Ёрий Мирзо. Улуғбек Мирзодан бошқа барча ўғиллар оталаридан аввал дунёдан ўтганлар.
Қабри Самарқандда, Амир Темур мақбарасида.
Биринчи қизи – Оқа-бегим 1359 йилда Турмиш-оқа деган хотинидан туғилган. Муҳаммадбек ибн Мусога узатганлар, бу никоҳдан Султон Ҳусайн Мирзо туғилган. Оқа-бегим 1382 йилда йигирма уч ёшида бетоб бўлиб оламдан кўз юмган.
Қабри Шаҳрисабзда.
Иккинчи қизи – Султон Бахт-бегим 1362 йилда Улжой Туркон-оқа деган хотинидан туғилган. Амир Муҳаммад Миракка узатадилар, лекин бетавфиқ куёв Соҳибқиронга қарши тиғ кўтариб чиқади ва жангда ҳалок бўлади.
Султон Бахт-бегим иккинчи марта Соҳибқироннинг опаси Қутлуғ Туркон-оқа ўғли Амир Сулаймоншоҳга турмушга чиқади. Султон Бахт-бегим 1430 йилда вафот этган.

Leave a Reply

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[an error occurred while processing the directive]