ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
ХАЛҚАРО АМИР ТЕМУР ЖАМҒАРМАСИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА
Буюк давлат арбоби Амир Темурнинг ижтимоий-сиёсий меросини, маданият ва маънавият тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини чуқур ўрганиш, ёш авлодда миллий ифтихор ва мустақил Ватан туйғусини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
- Республика зиёлиларининг бир гуруҳи томонидан Халқаро Амир Темур жамғармаси тузилганлигини ва унинг Устави Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганлигини эътиборга олган ҳолда, кенг жамоатчиликнинг мазкур жамғармани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
- Халқаро Амир Темур жамғармасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
буюк давлат арбоби Амир Темур ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолиятига доир кенг тадқиқотлар олиб бориш;
Амир Темур фаолиятига оид тарихий манбаларни чуқур ўрганиш ҳамда уларни нашр этиш;
темурийлар даври меъморчилик ёдгорликларини қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига ёрдам бериш;
ёш авлоднинг маънавий-маданий камол топишига, унда мустақил Ўзбекистон Республикаси истиқболидан фахрланиш ва ватанпарварлик туйғусини тарбиялашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
мамлакатимиз олимлари, адабиёт ва маданият арбобларининг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш ва кенгайтириш.
- Халқаро Амир Темур жамғармасининг Низоми ҳамда ташкилий тузилиши 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
- Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси, Фанлар академияси Жамғармага барча обрўли халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатишда ва яқиндан ҳамкорлик қилишда ҳар томонлама кўмаклашсинлар.
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари жойларда Жамғарма бўлинмаларини ташкил этиш учун бинолар ажратсинлар.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Жамғарма бошқарув аппаратини бир ой муддатда Абдулла Тўқай кўчаси, 1-уйдаги бинога жойлаштирсин ҳамда Темурийлар тарихи Давлат музейини лойиҳалаш ва қуришда Жамғарма бошқаруви аппаратини кейинчалик мазкур музей биносига жойлаштиришни назарда тутсин.
- Республика вазирликлари, давлат қўмиталари, концернлари, корпорациялари, корхоналари, хўжаликлари, тижорат банклари ҳамда бошқа ҳомий ташкилотларнинг Амир Темур жамғармасига молиявий ва моддий-техника ёрдами 2-иловага*мувофиқ маъқуллансин.
* Илова берилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан Халқаро Амир Темур жамғармасига 1 млн. сўм ажратсин.
Жамғарма ва унинг бўлимлари давлат бюджетига тушадиган давлат солиқлари, божхона божи ҳамда бошқа тўловлардан 2 йил муддатга озод қилинсин.
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Амир Темур жамғармаси бошқарув аппаратига хизмат кўрсатиш учун енгил автотранспортга лимит ажратсин.
«Тошшаҳарйўловчитранс» давлат уюшмаси белгиланган тартибда Амир Темур жамғармасига енгил автотранспорт ажратсин.
- Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги Амир Темур жамғармаси бошқарувини шаҳар ва ҳукумат телефон алоқаси билан таъминласин.
- Амир Темур жамғармаси раиси ва унинг ўринбосарларига Ўзбекистон Республикаси давлат қўмиталари раислари ва раис ўринбосарлари учун тегишли равишда белгиланган моддий-маиший ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари татбиқ этилсин.
- «Ўздавтелерадио» компанияси, оммавий ахборот воситалари Жамғарма фаолиятини мунтазам ёритсинлар.
- Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С. Саидқосимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш., 1996 йил 14 март