Буюк давлат арбоби Амир Темурнинг ижтимоий-сиёсий меросини, маданият ва маънавият тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини чуқур ўрганиш, ёш авлодда миллий ифтихор ва мустақил Ватан туйғусини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Республика зиёлиларининг бир гуруҳи томонидан Халқаро Амир Темур жамғармаси тузилганлигини ва унинг Устави Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганлигини эътиборга олган ҳолда, кенг жамоатчиликнинг мазкур жамғармани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
  2. Халқаро Амир Темур жамғармасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

– буюк давлат арбоби Амир Темур ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолиятига доир кенг тадқиқотлар олиб бориш;

– Амир Темур фаолиятига оид тарихий манбаларни чуқур ўрганиш ҳамда уларни нашр этиш;

– темурийлар даври меъморчилик ёдгорликларини қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига ёрдам бериш;

– ёш авлоднинг маънавий-маданий камол топишига, унда мустақил Ўзбекистон Республикаси истиқболидан фахрланиш ва ватанпарварлик туйғусини тарбиялашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

– мамлакатимиз олимлари, адабиёт ва маданият арбобларининг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш ва кенгайтиришдан иборат.