Буюк давлат арбоби Амир Темурнинг ижтимоий-сиёсий меросини, маданият ва маънавият тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини чуқур ўрганиш, ёш авлодда миллий ифтихор ва мустақил Ватан туйғусини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
- Республика зиёлиларининг бир гуруҳи томонидан Халқаро Амир Темур жамғармаси тузилганлигини ва унинг Устави Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганлигини эътиборга олган ҳолда, кенг жамоатчиликнинг мазкур жамғармани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
- Халқаро Амир Темур жамғармасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
– буюк давлат арбоби Амир Темур ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолиятига доир кенг тадқиқотлар олиб бориш;
– Амир Темур фаолиятига оид тарихий манбаларни чуқур ўрганиш ҳамда уларни нашр этиш;
– темурийлар даври меъморчилик ёдгорликларини қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига ёрдам бериш;
– ёш авлоднинг маънавий-маданий камол топишига, унда мустақил Ўзбекистон Республикаси истиқболидан фахрланиш ва ватанпарварлик туйғусини тарбиялашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
– мамлакатимиз олимлари, адабиёт ва маданият арбобларининг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш ва кенгайтиришдан иборат.