Amir Temur shajarasi
Амир Темур қачон ва қаерда туғилган?
Амир Темур (Темурбек)нинг тўлиқ исми — Амир Темур ибн Амир Тарағай. Тўқсон икки уруғли ўзбекларнинг Барлос қавмида милодий 1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилади.
Отаси – Амир Тарағай, (Тарағайбек) туғилган йили манбаларда келмаганлиги сабабли номаълум, вафоти эса 1360 йилда дейилади. У барлос қабиласининг нуфузли оқсоқоли эди. Амир Тарағай Туркистоннинг ўша пайтдаги ҳукмдори Амир Қозоғон олдида ишонч қозонган ҳурмати бор беклардан бўлиб, Чиғатой улуси беклари қурултойларига қатнашиб турганлиги айтилади. Ҳарбий ишларга истаги йўқ, тақводор мусулмон, вақтини дарвешлар билан ўтказарди. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, «Тарағайбек уламо ва сулаҳо ва муттақийларга мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди…».
Онаси – Тегина Хотун, Такина бегим, Такина Моҳбегим (тахм. 1318, Бухоро – 1353, Шаҳрисабз) Бухоро уламолари пешвоси мавлоно садр аш-шариъа, яъни шариат қонунларини шарҳловчи аллома Убайдуллоҳ ал-Бухорийнинг қизи бўлган. Милодий 1334 йил 16 ёшда Тарағайбекка узатилган. Орадан икки йил ўтгач, Темурбек таваллуд топди. Шундан маълумки, Темур бобомиз ҳар икки томондан диний илмдор оилада дунёга келган ва камол топган.
Бобомизнинг онаси ва отаси Шаҳрисабзда дафн этилган бўлиб, Амир Темур онаси хотирасига баландлиги етмиш бир метр келадиган дунёга машҳур Оқсарой ёдгорлигини бунёд эттирди.
Амир Темур юлдузи
Ривоятларга қараганда, кунлардан бир кун Соҳибқироннинг саккизинчи бобоси Қочувли баҳодир туш кўрибди, тушида унинг қўйнидан бир юлдуз учиб чиқиб жамол кўргизибди ва шу заҳотиёқ сўнибди, кейин иккинчиси, учинчиси, тўртинчиси ярқираб чиқибди, бари сўнаверибди. Бу ҳол етти марта такрорланибди. Бироқ саккизинчи мартасида катта порлоқ юлдуз отилиб чиқибдию, бутун дунёни ёритиб юборибди! Мана шу Амир Темур юлдузи деб тахмин қилинади. Ундан яна бир неча кичик юлдузлар пайдо бўлибди, катта порлоқ юлдуз мағриб чизиғига бош қўйиб сўнгандан кейин, кичик юлдузлар порлашда давом этибдилар…
Манбаларда Соҳибқирон бобомиз кичиклигиданоқ Қуръони каримни ёд олгани айтилади, Қуръон ўқишда унинг овози қориларники каби салобатли ва ёқимли бўлган.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати