Темурийлар тарихи давлат музейида академик Бўрибой Аҳмедов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи масалалари” номли илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
#конференция
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 февралдаги 90-ф-сонли фармойишига мувофиқ академик Бўрибой Аҳмедов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи масалалари” номли илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференция Темурийлар тарихи давлат музейи биноси кичик мажлислар залида Халқаро Амир Темур жамоат фонди ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, ҳамда Фонд ходимлари, Фонднинг Қозоғистон Респубилкаси бўлими бошлиғи Икромжон Хошимжонов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳамда музей ходимлари, шунингдек, Тошкент давлат Шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, Университет профессорлари Адҳамбек Алимбеков, Қудратилла Омонов, ЎзР ФА Миллий археология марказидан Аҳмадали Асқаров, Бўрибой Аҳмедовнинг фарзандлари Раъно Аҳмедова, Музаффар Аҳмедов, академик Дилором Юсупова, тарих фанлари доктори, профессор Омонулло Бўриев, профессор Абдумажид Мадраимов, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон халқ артисти Ҳожиакбар Ҳамидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Тўлқин ҳайит, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти профессор-олимлари, магистрлар, докторантлар, таянч-докторантлар, шунингдек, Тошкент давлат Шарқшунослик университети ўқитувчилари ва талабалари, Ориентал университети ўқитувчилари ва талабалари, Ички ишлар вазирлиги ходимлари, Бўрибой Аҳмедовнинг бир қанча шогирдлари ҳамда тарихга қизиқувчи кўплаб ихлосмандлар иштирок этишди.
Деярли бир кун давом этган анжуманда йиғилганлар учун кофе-брек дастурхони ташкил қилиниб, иштирокчилар диллари хушнуд этилди.
Конференсия Музей директори Хуршид Файзиев модераторлигида олиб борилди. Анжуманда сўзга чиққанлар, Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, ЎзР ФА Миллий археология марказидан Аҳмадали Асқаров, Бўрибой Аҳмедовнинг фарзандлари Раъно Аҳмедова, академик Дилором Юсупова, тарих фанлари доктори, профессор Омонулло Бўриев ва бошқа барча нутқ сўзловчилар марҳум академик Бўрибой Аҳмедовнинг инсонийлик фазилатлари, илмга чанқоқлиги, умрини илм-фан ривожига бахшида этгани, касбига садоқати каби ҳислатлари ҳақида сўзлаб, бир қанча қизиқ хотираларини томошабинлар билан ўртоқлашишди.
Академик Бўрибой Аҳмедовнинг фарзанди Музаффар Аҳмедов марҳум отаси ва ўзининг илм-фан ривожига қўшган ҳиссалари учун Ишки ишлар вазири буйруғига биноан мукофотланди.
Шунингдек, Б.Аҳмедов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан, Халқаро Амир Темур жамоат фонди томонидан олимнинг “Ўбекистоннинг атоқли тарихшунос олимлари” номли китоби қайта нашр этилди ва конференцияга тўпланган мақолалар Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан “Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи масалалари” номли китоб ҳолида нашр этилди. Қувонарлиси, ушбу китобда Халқаро Амир Темур жамоат фонди ходимлари: Фонд раиси ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Адҳамбек Алимбековнинг “Ғарб адабиётида Амир Темур образи” номли, Фонднинг Наманган вилояти бўлими бошлғи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жамолиддин Муслимнинг “Ибрат салтанатидаги тамсиллар” номли ҳамда Фонд фаоллари: академик Дилором Юсупованинг “Шарқнинг буюк мутақаккирлари” номли, тарих фанлари доктори, профессор Омонулло Бўриевнинг “Тарихи арбаъ улус” асарининг манбавий-қиёсий таҳлили” номли, филология фанлари доктори, профессор Қудратилла Омоновнинг “Темурийлар ва Хитой дипломатик муносабатлари тарихига доир Ўзбекистонда амалга оширилган замонавий тадқиқотлар” номли, филология фанлари доктори, профессор Қосимжон Содиқовнинг “Алишер Навоий девонининг Машғаддаги Остон-и Қудсий кутубхонасида сақланаётган қўлёзмаси” номли мақолалари жой олган.
Анжуман сўнггида иштирокчиларга китоблар совға қилиниб, Музей бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати