Бугун Халқаро Амир Темур жамоат фонди Андижон вилояти бўлими бошлиғи, таниқли ижодкор, ҳажвчи, таржимон, публицист Ҳабиб Сиддиқнинг “Сайланма” ва “Нимкоса” номли янги китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотга Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо, “Jadid” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Ҳумоюн Акбаров ва бир қанча ижодкорлар, Ҳабиб Сиддиқ ижодининг чин мухлислари иштирок этишди.
Кечани Уюшма раиси ўринбосари Минҳожиддин Мирзо очиб бериб, ўзбек ҳажвчилари ижодига разм ташлаб, Ҳабиб Сиддиқ ҳам пишиқ ҳажвчи, пухта таржимон эканлигини таъкидлаб ўтди. Кеча қаҳрамонига Алишер Навоийнинг «Ҳамса» достонининг янги нашри тўпламини совға қилди.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али Ҳабиб Сиддиқ ижодини доимий кузатиб бориши, ижодкор орқали кўз олдига Азиз Несин, Саид Аҳмад каби буюк сўз усталари келишини таъкидлаб, ижодкорга муваффақиятлар тилади. Кечада сўзга чиққанларнинг ҳар бири бугунги кун адабиётига бефарқ эмаслиги, сўз санъати ривожида Ҳабиб Сиддиқдек ижодкорларнинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Кеча сўнгида иштирокчиларга янги китоблар тарқатилди.
Халқаро амир Темур жамоат фонди ахборот хизмати