Келинг, тарихимизни ўрганамиз!
Келинг, тарихимизни ўрганамиз!
МУҲАММАД АЛИ: «Ҳозиргача жаҳонда бирор шахс ҳақида Соҳибқирон тўғрисида битилганчалик кўп китоб ёзилмаган!»
Соҳибқирон Амир Темур таваллуди куни муносабати билан, хусусан, мустақиллик даврининг кейинги йилларида турли машварат-анжуманлар, учрашув ва китоб тақдимотлари, танлов ва мукофотлаш маросимлари бўлиб турибди. Жорий йил октябрь ойининг 8 куни Тошкентда Амир Темур давлат тарихий музейида ўтказилган «Соҳибқиронга эҳтиром» халқаро танлов якунига бағишланган анжуманда иштирок этиб, публицистика йўналиши ғолиби сифатида олган соврин ва маблағларим қаторида камина учун энг қимматли саналган нарса китоблар бор эди. Хусусан, тарихий китобларда XV асрнинг энг қимматли ёдгорлиги – Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»си борлигидан ифтихор ҳиссини туйдим. Негаки, бу китоб Соҳибқирон Амир Темур ҳақида яратилган ва ҳали-да ёзилаётган мингдан ошиқ асарлар орасида энг ноёби ва қимматлиси саналади. Боиси не дейсизми? Чунки форс-тожик ёзувчиси, муаррих олими Шарафиддин Али Яздий Соҳибқироннинг замондоши эди ва мазкур китобини Амир Темур вафотидан кейинроқ 1424 – 1425 йилларда ёзиб тугатган ва муҳими, муаллиф Соҳибқироннинг тириклиги вақтида ёзилган китоблардан фойдаланганидир. Тожикларда: «Шунидан кай бувад монанди дидан?» («Кўрганга эшитган қачон тенг бўлибдир?») деган ҳикмати бекор эмас-да!
Ҳозир эса камина бу машҳур асар ҳақида эмас (Худо хоҳласа, бу алоҳида мавзу бўлгай), ўшал танлов чоғида қўлимга берилган мўъжазроқ китоблар ҳақида фикрлашмоқчиман.
«Амир Темур солномаси» ва «Соҳибқирон ёди» китоблари муаллифи Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алидир. Бугина эмас, устознинг Соҳибқиронга бағишланган достон ва романлари, кўплаб эссе ва мақолалари ҳам бор бўлиб, булар Амир Темур шахсини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
«Амир Темур солномаси». Номи айтиб турганидек, унда йиллар, рақамлар ҳукмронлик қилади ва буюк бобомиз ҳаёти, шахси, оиласи (ҳарами, аёллари, фарзандлари, жангномалари), «Соҳибқирон» сўзининг маъноси, бу буюк инсоннинг пирлари, устозлари, илм, адабиёт, санъат, архитектура (қурилишлар), динга муносабатлари қаламга олинади. Шунингдек, муаллиф Соҳибқироннинг ҳикматларини манзур этишдан ташқари, буюк бобомиз ҳақида жаҳон мафкур оммаси вакиллари, олиму уламолар, давлат арбоблари айтган қимматли фикрлардан ҳам келтиради.
«Соҳибқирон ёди»ни ўқир эканман, бу мавзу билан боғлиқ шахсий китобхонамдаги мавжуд ўқиган китобларимдан («Амир Темур аждодлари», «Мен Фотиҳ Амир Темур», «Темур тузуклари», Мирзо Улуғбек «Тўрт улус тарихи», Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома», Сергей Бородин «Самарқанд осмонида юлдузлар» трилогияси, Ойбек «Навоий», Уйғун ва Иззат Султон «Алишер Навоий», Муҳаммад Али «Гумбаздаги нур», Абдулла Орипов «Соҳибқирон», Нурали Қобул «Қалб қасрининг султони», Шаҳодат Исахонова «Бибихоним» ва б.) олган тушунчаларим янада бойиди, тўлиқлашди. Дарҳақиқат, устоз Муҳаммад Али темурийшунос олим ва адиб, соҳа мутахассиси ва етакчисига айлангани кўриниб турибди.
Муаллифнинг «Соҳибқирон ёди» китобида Амир Темур шахсиятини ўрганишга оид ажойиб мундарижа келтирилган ва ўқувчи ундан ўзини қизиқтирган масалани тезгина топиб ўрганиши мумкин. Тарихга қизиқувчи китобхон Амир Темур саркардалари, унинг миллатдош Йилдирим Боязид билан мухолифати ва яқинлиги тўғрисидаги бобларни ўрганиши керак.
Хўш, Темурнинг ўн бир ёшдаёқ Қуръони каримни ёд олганини билсангиз керак, унинг адабиётга, шеъриятга муносабатини-чи, биласизми? Бу ўринда «Амир Темур ва Алишер Навоий» мақоласи ёрдам етказади. Ахир Навоий ҳам Амир Темурдан кейинроқ ва унинг авлодлари ҳукмронлиги даврида яшаб ўтган ва Соҳибқирон ҳокимияти мустаҳкамлиги учун катта ҳисса қўшган олий мақомдаги шахс – Вазир эди-ку! Инчунин, Алишер якто шоир сифатида «туркий оламни якқалам этди», «Анинг забтиға бир девон юбордим», деб наъра тортди.
Муҳаммад Али Соҳибқироннинг тириклик чоғидан то ҳозиргача у ҳақда ёзилган китоблар мингдан ошиқлигини таъкидлайди ва ҳамон бу шахс тўғрисида асар битмоқ оёқлаган эмас, оёқламайди ҳам. Ҳали инсоният тарихида бир шахс тўғрисида шунчалик мўл китоб: достон, қисса, роман (трилогия), драма, тарихлар ёзилмаган. Бу тўғридаги шеъру ҳикоя, ривояту ҳикмат, мақолаю илмий ишларнинг сону саноғи йўқ.
Муаллифнинг фикрлаш доирасига қараб, унинг Амир Темур тўғрисида ёзилган аксарият асарларни кўриб, ўқиб чиққанига ишончингиз ортади. У кўплаб бу мавзудаги китоблар ютуқ ва камчиликларига тўхталган. Инчунин, энг муҳим ва катта қимматга эга асарлар сифатида хорижлик Руи Гонсалес де Клавихонинг «Самарқандга Амир Темур саройига саёҳат» кундалиги, Ғиёсиддин Шомийнинг «Ҳиндистон ғазовоти кундалиги» ҳақида сўзлар экан, бу китобларни Соҳибқироннинг ўзи ўқиганлиги учун ҳам мўътабарлигини (шубҳасиз, муаллиф ўша даврда ёзилган Яздийнинг «Зафарнома»си Абрўнинг «Зайли Зафарнома», Хафовийнинг «Мужмали Фасиҳий» ва бошқаларни қамрагани учун) таъкидлайди.
Хўш, Амир Темур тўғрисидаги шунча китобларда Соҳибқирон сурати берилганми?
Франсуз ёзувчиси ва таржимони Л.Ланглэ Амир Темур «Тузуклар»ини таржима қилиш билан биргаликда, бундан илҳомланиб «Темур ҳаёти» китобини ёзади ва ўзининг таъкидлашича (асар 1787 йилда франсуз ва 1890 йилда рус тилларида нашр қилинган), Европа бўйича бу китобда Амир Темурнинг биринчи марта ва ҳақиқий портрети берилган. Шу билан биргаликда, бу муаллифнинг Соҳибқирон шахсига нотўғри ёки ноаён, мухталиф баҳо берганлиги ҳам кўрсатиб ўтилади. Чунончи, Амир Темурнинг туғилган жойи ва вақти ҳақида бундай дейилган: «Трансоксаниянинг Кеш шаҳри деворларига яқин ерда, Сабзда 1336 йил 7 майда туғилган» (аслида Кеш ва Сабз битта шаҳар, туғилган вақти 9 апрель). Шунингдек, Амир Темурни Чингизхон авлодидан деб хатога йўл қўяди ва Соҳибқироннинг набираси – валиаҳд Муҳаммад Султон 19 ёшда ўлгани айтилади, аслида 27 ёшда вафот этган эди. Бундан-да қўполроғи, Мовароуннаҳрликларни татарлар, мамлакатни Татария, Олтин Ўрдани Буюк Татария деб номлайди. Камчиликларидан қатъи назар Л.Лангэ китоби (Клавихо, Ибн Арабшоҳ асарларидаги хатоларни кўрсатиб бергани билан) эҳтиромга моликдир.
Жаҳонда жаҳонгирлар, шоҳи жаҳон – улуғ подшолар, буюк саркардалар кўп ўтишган. Лекин келиб чиқишда Амир Темурнинг улардан фарқли бир томони бор: дунёнинг 27 давлатини бирлаштирган ва адолатли сиёсат юргизган Соҳибқирон оддий бир амирнинг ўғли эди. Одатда давлат бошига мусулмон давлатларида тахтга ворислар ўтиришган ва аксар жойларда бу ҳол ҳозир ҳам сақланади. Ўртага савол қўйилади: Қандай қилиб халқдан чиққан қаҳрамон, бу жасур ўғлон Хўтандан то Мисру Эгей денгизигача, Московиядан то Ҳиндистонгача бўлган улуғ салтанат султонлигини ижро этолган эди?
Нега Европа давлатларининг бир нечтасида Амир Темурга ҳурмат билан ёдгорлик ўрнатилган?
Нега у ҳақда мингдан ошиқ китоблар битилган ва ҳануз ёзилмоқда?.. Саволлар кўп ва жавоблар аён!
Буларнинг жавобини Амир Темурнинг ақлу заковатидан, фаросатидан, салоҳиятидан, инсоний фазилатларидан изламоқ керак. У узоқни кўзлаб иш юритувчи, етти ўлчаб бир кесувчи, дўстлар, яхши инсонларни танлай билувчи ва қўлидан келганича барчага эзгулик қилувчи, давлат бошқарувида адолатни пеша этгувчи инсон эди. У бошига мушкулот тушганда ҳовлиқмай, ундан чиқиш йўлларини топа олгувчи эди. Масалан: йигитлик чоғида бир нодон кишининг қамоғига тушиб қолади. Шунда унинг кўз олдига бир воқеа намоён бўлди. Бир чумоли юқорига чиқиш учун тирмашар ва чиқолмай, такрор-такрор йиқилиб тушарди. Ниҳоят, у бир сафар тирмашиб озодликка чиқди. Темур ана шу чумолидан ибрат олди ва қамоқдан чиқиш йўлини излаб топди. Ёки жанг вақтларида ёш саркарданинг ўзи ишончли дўстлари ҳамкорлигида рақиб қалъасига сир олиш, ўрганиш учун бориб келар ва натижада тезликда ғалабага муяссар бўлгувчи эди.
Соҳибқирон учун рақиб томоннинг кўплиги муҳим эмас эди. Ақл, шуур, усталик, жанг услуби ва йўли муҳим бўлган. Масалан, жанглардан бирида ўз отларига шоху шиббалар боғлаб тортиб, ҳамма ёқни чанг-тўзонга тўлдирганча ваҳимага солиб, ўзидан ўн марта кўп рақиб қўшинини енгади. Ёки ўзи юзлаб маротаба ярадор бўлса ҳам савашдан четга чиқмаган, аксинча, ўртада туриб икки қўлида бирдай қилич ўйнатиб ўрнак бўларди (агар мен кўринмасам, ҳар хил хаёол билан қўшинда ваҳима кўтарилиши мумкин, деб ўйлаган).
Дарвоқе, Европа давлатларида не учун Амир Темурга ёдгорликлар ўрнатилган?
Бу миннатдорчиликнинг боиси шундаки, Турк султони Йилдирим Боязид сал қолса, бутун Европани остин-устун қилиб ташлаши мумкин эди-да! Ҳа, Соҳибқирон Амир Темур сўзга ҳам уста ва ақл билан гапирар эди. У рақиби билан мардларча жанг ҳам қилган ва ўрни билан яхши гапириб, сулҳга ризо ҳам қилган.
Устоз Муҳаммад Али китобларида Соҳибқирон фарзандлари ва ҳарами тўғрисида етарли маълумот берилади ва бу маълумотлар китобдан китобга тўлиқлашиб, аёнлашиб боради. Албатта, устоз ҳам бу маълумотларни бурун битилган китоблардан олганлар ва уларни ўрганиб, ўқувчига еткзганлар. Чунончи, «Амир Темур солномаси»нинг иккита нашрида ҳам Соҳибқирон фарзандлари ҳақидаги маълумот қуйидагича келтирилади:
Аллоҳ таоло Соҳибқиронга кўп фарзандлар ато этди. Эл корига ярайдиган бўлиб вояга етганлари олтита – тўрт ўғил (Жаҳонгир Мирзо, Умаршайх Мирзо, Мироншоҳ Мирзо, Шоҳруҳ Мирзо), икки қиз (Оқа Бегим хоним, Султон Бахт бегим). «Соҳибқирон ёди» китобининг «Соҳибқирон фарзандлари» бўлими аввалгига қараганда анча тўлиқ. Муаллиф қайд этганидек, заҳматкаш муаррих Турғун Файзиев олдинги тарихнавислар Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий асарлари ва Хондамирнинг «Насабнома»сига суяниб, ўзининг «Темурийлар шажараси» китобини яратди ва бу билан аждодлар ва Соҳибқирон ҳарами(аёллари) ҳақидаги маълумотлар тўлиқлашди ва ҳатто устознинг ўзи Муҳаммад Али ҳам бир неча йиллар олдин ёзган «Соҳибқирон фарзандлари» мақоласига қўшимчалар киритганлигини қайд этади. Бу мавзуда яна бир китоб – муаллифи номаълум «Муъиз ал-ансоб» (XV аср)нинг хизмати катта. Буни академик Бўрибой Аҳмедов ҳам тўғри баҳолаган эди.
Мазкур манбага таяниб, Соҳибқирон ҳарамидаги, никоҳидаги аёллар 40 нафар деб қайд қилинади: 18 хотин ва 22 канизак. Яна ушбу китобнинг «Амир Темур авлоди» бўлимига боқиб, унинг фарзандлари олдин айтилганидек, 4 ўғил ва 2 қиз эмас, балки 8 ўғил ва 9 қиз эканлигини билиб оламиз. Фақатгина юқоридаги китоблардаги маълумотнинг айрим ўринларида қайси фарзанд кимдан туғилганлигида, қанча вақт яшаганлиги кабиларда фарқият бор.
Хуллас, Туркистон (Мовароуннаҳр) – Икки дарё оралиғи мамлакатларини 150 йил ҳукмронлик қилган мўғуллардан тортиб олгач, Соҳибқирон ва унинг авлодлари 500 йил давомида ҳукмронлик қилдилар. Қайси бир фарзанд ва кейинги авлодлар дунёда адолат билан бошқарилган бу буюк давлатда Соҳибқирон ишларини муносиб давом эттирди ва кимиси тож-тахт учун курашда шахсий манфаатларини устун қўйиб, ҳалокатга учради, ўзидан доғ қолдирди.
Мақоламиз бошида Амир Темур ва Алишер Навоий ҳақида бироз сўз юритгандик. Улуғ мутафаккир шоиримиз Мир Алишер Навоий қаламидан тўкилган қуйидаги мисралар тўлиқлигича Соҳибқирон бобомиз Амир Темурга мос тушади:
Одами эрсанг демагил одами
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
Ҳакимжон ЗОКИРОВ,
Суғд вилояти Ўзбеклар маркази раиси ўрибосари,
«Соҳибиқиронга эҳтиром» халқаро танлови(2024)
публицистика йўналиши ғолиби,
Тожикистон, Хўжанд шаҳри.