Сурхондарёда “Соҳибқирон Амир Темур – Буюк ватанпарвар сиймо” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
#ҳудудлардан_хабарлар
#Амир_Темур_Буюк_ватанпарвар_сиймо
Куни кеча Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими томонидан Термиз шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 9 умумий ўрта таълим мактабида “Соҳибқирон Амир Темур – Буюк ватанпарвар сиймо” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Фонднинг Ҳудудий бўлими бошлиғи У. Маъдиев, мактаб директори С. Рўзиқулов, директор ўринбосари Д.Халимова, С.Ҳамидова, Б.Жўраев, мактаб кутубхоначиси Ш.Абиддинова ва мактаб ўқувчилари иштирок этишди.
Кечани мактаб директори очиб бериб, Соҳибқирон бобомизнинг машаққатли ҳаёт йўли хусусида тўхталиб ўтди.
Кечада сўзга чиққан Фонднинг ҳудудий бўлим бошлиғи Усмон Маъдиев Амир Темур нафақат ҳарбий саркарда, балки илм-фан, маданият ҳомийси сифатида тарихда ўчмас из қолдиргани, Темурийлар ҳукмронлиги даврида буюк олимлар етишиб чиққани, мамлакатда адолат ва фаровонлик таъминлангани, хорижий мамлакатлар билан мустаҳкам дипломатик алоқалар ўрнатилгани ҳақида қизиқарли маълумотларни айтиб ўтди.
Шунингдек, У.Маъдиев ўз маърузасида “Амир Темурнинг машҳур “Темур тузуклари” асари 1783 йилда Буюк Британияда, 1891 йилда Ҳиндистонда, 1868 йили Эронда чоп этилган. Асар бир қатор тилларга, жумладан, француз, инглиз, урду, рус тилларига таржима қилинган.
“Темур тузуклари” – 14 аср Мувароуннаҳрнинг ижтимоий-сиёсий аҳволи, Темурийлар давлати, қўшни мамлакатлар билан бўлган муносабатлари, давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, қолаверса эзгу амаллар ҳақида билдирилган фикплар, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатлар ҳақида кенг маълумот берадиган асардир.” Дея ўқувчи ёшларга қимматли маълумотларни айтиб ўтди.
Ушбу тадбирда ўқувчилар Амир Темур ҳаёти билан янада яқиндан танишишди. Очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтган тадбир иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Фаол иштирок этган ўқувчиларга тадбир якунида Усмон Маъдиев томонидан Фонднинг эсдалик совғалари топширилди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати