«ЗАФАРНОМА» КИТОБИ ЯНГИ НАШРИНИНГ ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ
Одам алайҳиссалом ер юзига тушган даврдан бугунги кунгача бир неча минг, миллион йил ўтди. Биз – бугунги замон инсонлари ўша давр ҳақида, кейинги минг йилликлар ҳақида, қўйингки, яқин-яқингача бўлган барча тарихий маълумотлардан хабардормиз. Қаердан? Муқаддас манбалардан! Бугунги кунимизни эртанги авлодга қандай ёритамиз? Китоблар орқали! Демакки китобга арзирлик ижодий ишлар ёзиш, азиз аждодларимиз қалами теккан битикларни замондошларимиз тушунадиган оҳангларда нашр этиш – келажак ривожи учун қилинган улкан ишлардан бири экан.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ҳам шундай хайрли ишларга қўл уриб келмоқда. Бугун Темурийлар тарихи давлат музейининг кичик мажлислар залида тақдимоти бўлиб ўтаётган китоб – олти аср қаъридан бизга садо бериб турган, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг савлатли сиймосини кўз ўнггимизда гавдалантирган, Шарафуддин Али Яздий қаламига мансуб “Зафарнома” тарихий асарини янги таҳрирда нашр этган Фонд икки йилдирки, мамлакатимиз аҳолисига буюк аждодларимиз ҳақида энг ишончли маълумотларни берадиган китоблар нашр этишдан завқу шавқ олиб келмоқда. Амир Темур деганда баъзи одамларнинг ҳаёлида қилич кўтарган қаҳри қаттиқ инсоннинг гавдаланиши тузум тақозоси билан аждодларимизни бизга танитишда қўпол ёлғонлардан фойдаланилганлигини ушбу китоб яна бир карра исботлаб беради. “Зафарнома” китоби бундан аввал 1997 йил – Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан илк бор нашр этилган бўлса, бугунги – иккинчи нашри китобнинг янада халқчиллигини таъминлади. Янада кўпроқ ватандошларимизга ушбу қадимий манба билан танишиш имконини берди. Китобни варақлар экансиз Соҳибқироннинг нақадар адолатли, илм-маърифатга, бинокорлик ишларига жиддий эътибор қаратгани ҳақида билиб бораверасиз. Мамлакатнинг ободлиги учун нимаки қилиш керак бўлса, қандай эзгу ишлар бўлса барчасига раҳнамолик қилганини гувоҳи бўласиз. Ҳаттоки биргина кўприк қуришда ҳам бобомизнинг шахсан ўзи сиёсий ишлардан вақт ажратиб, ойлаб ушбу ишга бош-қош бўлгани таърифланади. Биргина шу маълумотнинг ўзи ҳам бобомизнинг нечоғлиқ бинокорлик ишларига мойил бўлганининг ёрқин исботидир.
Халқаро Амир Темур ҳайрия жамоат фонди фақатгина нашр ишлари билан шуғулланибгина қолмай, шарафли аждодларимиз ҳақида ишончли маълумотларни кенг ёйиш мақсадида халқаро танловлар ташкил қилишни ҳам йўлга қўйди. Бугун нафақат нодир китоб тақдимоти, балки Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги олдидан ташкил қилинган “Соҳибқиронга эҳтиром” номли халқаро танловнинг тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтмоқда. Ушбу танловда қўшни Қозоғистон ва Тожикистондан ҳам бобомиз тарихига бефарқ бўлмаган ижодкорлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этишди ва ғолибликни қўлга киритишди. 100 га яқин иштирокчиларнинг ижоди йиғилган ушбу танловда 14 нафар қатнашчи (4 нафар ғолиб, 11 нафар рағбатлантирилувчи) тақдирланди. Қолаверса, ижодий ишлар “Соҳибқиронга эҳтиром” номли китоб чоп этиш учун сараланмоқда.
Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини оширувчи тадбирлар ташкил қилишда фаол бўлган Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлимлари ва буюк ажлодларимиз ҳаётидан сўз очувчи китоблар нашридан толмайдиган Фонд жамоаси “Зафарнома” китобини нашр этишда қандай бирдамлик ва шижоат билан меҳнат қилган бўлса, келгуси йилларда ҳам шундай куч-ғайрат билан бир қанча нодир асарларни чоп этишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.