Соҳибқирон Амир Темур – Буюк ватанпарвар сиймо
Куни кеча Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими томонидан вилоятнинг Избоскан туманидаги “Лидерлар мактаби” нодавлат таълим муассасаси мажлислар залида “Соҳибқирон Амир Темур – Буюк ватанпарвар сиймо” мавзусида маънавий-маърифий, адабий-бадиий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Фонднинг ҳудудий бўлими фаоллари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, иқтисод фанлари номзоди, доцент Абдусалом Маҳсуталиев, “Лидерлар мактаби” нодавлат таълим муассасаси директори Шуҳратжон Шодмоналиев, шоира Сайёра Солиева, Избоскан туман Ахборот-кутубхона маркази ходими Гулбахон Назарова ва мактаб ўқувчилари иштирок этишди.
Тадбир аввалида иштирокчиларга бобокалонимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳа намойиш қилинди.
Кеча давомида сўзга чиққан Фонднинг ҳудудий бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, доцент Ҳабиб Сиддиқ ва соҳа мутахассислари саркарда, қудратли давлат асосчиси, дунё цивилизацияси, илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ҳаёти, фаолияти ва маънавий мероси, ибратли ҳаёт йўлининг ёшларни баркамол авлод қилиб тарбиялашдаги аҳамияти, инсон маънавий камолотида китобнинг, бадиий адабиётнинг ўрни ва аҳамияти, глобаллашув даврида огоҳлик ва хушёрликни ошириш зарурати, ёшларнинг пухта билим олишлари, қобилиятларини ривожлантиришлари ва намоён этишлари учун яратилган шароитлар хусусида ўзларининг ҳаётий тажрибалари асосидаги мисоллар билан сўзладилар, ёшларни юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг, яратилган шароитлар, эътибор ва ғамхўрликнинг қадрига етиш, пухта билим олиб, етук маънавият соҳиби бўлишга чорладилар.
Нодавлат таълим муассасаси иқтидорли ўқувчиларининг Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳамда “Темур тузуклари” асари бўйича чиқишлари, саҳна кўринишлари, темурий шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларидан ифодали ўқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
Тадбир савол-жавоблар билан ошкора мулоқот тарзида ўтди ва иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди.
Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини оширувчи тадбирлар Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан Республикамиз бўйлаб изчил ташкил этилмоқда.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати