Наманганда “Амир Темур – Буюк ватанпарвар сиймо” шиори остида танлов ўтказилди
Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, буюк сулола тарбиясига сингдирилган ватанпарварлик туйғуси ва шу каби бир қанча муҳим жиҳатларни ўзида жамлаган, бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган аждодларимиз тутган ибратли ҳаёт йўлини ёш авлодга янада яқиндан таништириш мақсадида куни кеча Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Наманган вилоят бўлими, Ўзбекистон бадиий академияси бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими, Наманган вилоят давлвт музейи ҳамда институт маъмурияти ҳамкорлигида Наманган чет тиллар институти биносида “Амир Темур – Буюк ватанпарвар сиймо” шиори остида “Мадрасалар барпо этган темурий маликалар” номли танлов ташкил этилди.
Танловда институт қошидаги “Нодирабегим” ёшлар клуби аъзоларидан Шодия Шокирова – Гавхаршодбегим, Қурбоной Муҳаммаджонова – Бибихоним, Шоҳиста Жуманазарова – Малика оғо, Назира Ғуломиддинова – Нодирабегим, Сарвиноз Абулқосимова – Меҳрсултонбегим сиймоларини гавдалантирдилар.
Улар асосан 5 та шартда 10 баллик кўрсаткич бўйича берилган саволларга жавоб бердилар.
Танлов ҳакамлар ҳайъати аъзолари Жамолиддин Муслим, Комилжон Қамбаров, Роза Казакбаева, Маҳмуджон Раҳмонбердиевлар баҳолаб бордилар.
Танлов якунида Қурбоной Муҳаммаджонова ва Сарвиноз Абулқосимовалар биринчи ўринни эгалладилар. Қолган иштирокчилар ҳам рағбатлантирувчи ўринларга сазовор бўлдилар ҳамда дипломлар билан тақдирландилар.
Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини оширувчи тадбирлар Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан Республикамиз бўйлаб изчил ташкил этилмоқда.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати