Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

Амир Темур

(+99871) 232-02-27

Биз билан алоқа

info@temuriy.uz

Электрон почта
 ҚЎЗИБОЙ МАМАРАИМОВ

ҚЎЗИБОЙ МАМАРАИМОВ

Самарқанд илмий-маърифий жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, таниқли олим, моҳир педагог ва жамоатчи раҳбар Қўзибой Мамараимов 78 ёшида оламдан ўтди.

Қ.Мамараимов 1946 йилнинг 12 мартида Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида туғилган, ўрта маълумотни қишлоқ мактабида олган.

1965 йилда Самарқанд темирйўл транспорт техникумини, 1970 йилда Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини, 1992 йилда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг иқтисод факультетини тугатган. Тарих йўналишида номзодлик, иқтисодиёт соҳасида докторлик диссертацияларини ёқлаган ва профессорлик унвонига эга бўлган эди.

Қ.Мамараимов меҳнат фаолиятини 1960 йилда Пайариқ тумани “Пайариқ” давлат хўжалигида ишчиликдан бошлаган, бўлими бошлиғи, комсомол қўмитаси котиби вазифаларида ишлаган. 2 йил давомида Самарқанд шаҳридаги 62-хунар техника бўлим юрти ўқитувчилик қилган ва 1971 йилда Самарқанд вилояти комсомол қўмитасига ишга таклиф этилган. 1974 йилда Самарқанд шаҳар 132-ҳунар техника билим юрти директорилигига ўтказилган. 32 йил давомида (1981-2013) Самарқанд индустриал техникуми, Самарқанд саноат иқтисод коллежи ва Самарқанд автомобил ва йўллар касб-ҳунар коллежи директори лавозимларида фаолият олиб борган. 2013 йилдан эътиборан Самарқанд сервис ва иқтисодиёт институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида профессорлик, айни пайтда, 2000 йилдан жамоатчилик асосида Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаб келаётган эди.

Қ.Мамараимов қаерда бўлмасин, юксак масъулият ва фидойилик билан ишлади, катта обрў топди. Тажрибали педагог, олим ва мураббий сифатида бор кучини таълим сифатининг яхшиланишига йўналтирди, вилоят миқёсида кўплаб маънавий-маърифий ишларга бош-қош бўлди. Тарих ва иқтисодиёт соҳасида китоблар ва мақолалар ёзди, муносиб шогирдлар тайёрлади. Оиласида, қариндош-уруғлар ва дўстлари ўртасида бағрикенглиги ва олижаноблиги, қўли очиқлиги ва ҳамиша ёрдамга шайлиги билан ҳурмат қозонди.

Қ.Мамараимовнинг Ватан олдидаги ва миллий таълимни ривожлантиришдаги хизматлари муносиб тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи каби юксак унвонларга муносиб кўрилди.

Олим ва мураббий Қўзибой Мамараимовнинг порлоқ хотираси қалбимизда бир умрга сақланади.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати

Leave a Reply

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[an error occurred while processing the directive]