Соҳибқирон Амир Темур – Буюк ватанпарвар сиймо
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фондининг Андижон вилояти бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги Андижон академик лицейи билан ҳамкорликда мазкур таълим муассасаси мажлислар залида “Соҳибқирон Амир Темур – Буюк ватанпарвар сиймо” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда фонд ҳудудий бўлими раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳабиб Сиддиқ, академик лицей директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилмурод Ҳўжамбердиев, Андижон давлат университети “Ўзбекистон тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси Буҳажалхон Юнусова, адабиётшунос олимлар Зокиржон Мамажонов, Соҳибахон Исломова, лицей ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олганлар марказлашган қудратли давлат асосчиси, буюк саркарда, дунё цивилизацияси, илм-фан ва маданият ривожига улкан ҳисса қўшган Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти, фаолияти ва маънавий мероси, буюк бобомиз ибратли ҳаёт йўлининг ёшларни баркамол авлод қилиб тарбиялашдаги аҳамияти, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ёшларнинг пухта билим олишлари, қобилиятларини ривожлантиришлари ва намоён этишлари учун яратилган шароитлар, уларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш, китобхонлик тарғиботи ва мутолаа маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзладилар.
Иштирокчилар академик лицей Ахборот-ресурс маркази ходимлари томонидан тайёрланган буюк аждодларимиз ижоди ва фаолияти ҳақидаги китоблар кўргазмаси билан танишдилар, мавзуга доир видеоролик томоша қилдилар.
Академик лицей ўқувчилари буюк аждодларимиздан фахрланиш ва ватанпарварлик руҳидаги шеърлар ўқидилар.
Тадбир “Жадид адабиёти намоёндалари” туркумида янги чоп этилган китоблар тақдимотига уланиб кетди.
Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини оширувчи тадбирлар Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан Республикамиз бўйлаб изчил ташкил этимоқда.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати