“Миллий армиямиз – ғуруримиз, фахримиз” номли уч авлод учрашуви бўлиб ўтди
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фондининг Тошкент вилояти бўлими томонидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан мақулланган “Инсонга эътибор – олий қадрият” грант лойиҳаси режаси асосида жорий йилнинг 10 январь куни Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи, Чирчиқ олий танк қўмондонлик мухандистлик билим юрти, Алфраганус университети билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 32 йиллиги ва “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан “Миллий армиямиз – ғуруримиз, фахримиз!” мавзусида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.
Даставвал Амир Темур хиёбонида Буюк Соҳибқирон пойига гул қўйиш ила бобомиз хотирасига ҳурмат кўрсатиш билан бошланган ушбу тадбир Темурийлар тарихи давлат музейи кичик залида уч авлод учрашуви шаклида давом этди. Тадбирда бир гурух олимлар, фахрийлар, курсантлар, талаба ёшлар ва харбий хизматчилар қатнашди.
Кечани Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор Мухаммад Али очиб бериб, мамлакатимиз ҳарбийларини қутлуғ сана муносабати билан муборакбод этиб, янги кириб келган йилда янги зафарлар, касбий муваффақиятлар тилади. Қолаверса, Соҳибқирон салтанати армияси ҳақида ҳам тингловчилар учун янги бўлган бир қанча қизиқарли маълумотлар айтиб ўтди. Шунингдек, кечада сўзга чиққан Темурийлар тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари номзоди Хуршид Файзиев, Чирчиқ олий танк қўмондонлик мухандистлик билим юрти Гуманитар фанлар кафедраси бошлиғи, полковник Ўктам Ўринов Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий маҳорати ҳамда миллий армиямизнинг бугунги кундаги нуфузи хусусида атрофлича гапириб бердилар.
Ўзбекистон миллий университети профессори, фалсафа фанлари доктори, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Ҳамидулла Дадабоевнинг “Амир Темурнинг юрт озодлиги ва ободлиги йўлидаги кураш тамойиллари” мавзусида, Темурийлар тарихи давлат музейи катта илмий ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдумажид Мадраимовнинг “Темурийлар даври манбаларида ватанпарварлик мавзуси”да, Чирчиқ олий танк қўмондонлик мухандистлик билим юрти гуманитар фанлар кафедраси катта ўқитувчиси, фалсафа фанлари доктори Мансур Шеровнинг “Соҳибқирон Амир Темур харбий мероси – Ватан ҳимояси рамзи” мавзуларидаги маърузалари тингловчиларда катта таассурот қолдирди. Ўз навбатида курсантлар ҳамда талаба ёшлар ҳам Буюк Соҳибқиронга, миллий армиямизга бағишланган шеър ва ғазалларни ёддан айтиб, бадиий чиқиш қилдилар. Байрам муносабати билан бир гурух фахрийларга грант маблағлари ҳисобидан олинган эсдалик совғалар топширилди.
Йиғилиш сўнггида тадбир иштирокчилари Музей бўйлаб саёҳат қилишди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати