Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

Амир Темур

(+99871) 232-02-27

Биз билан алоқа

info@temuriy.uz

Электрон почта
 Ҳар биримиз масъулмиз

Ҳар биримиз масъулмиз

Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида муҳтарам Президентимизнинг “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!” дея таъкидлагани барча зиёлилар учун атрофимизда бўлаётган ўзгаришларни яна бир бор мушоҳада қилишга, огоҳ ва ҳушёр бўлишга, баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада юқори савияда ташкил этишга даъват бўлиб янгради.

Ана шундай масъулиятли онларда кўнглимиздан юртимизда истиқлол туфайли юз берган асрларга татигулик ўзгаришлар ҳақидаги ўйлар ўтади.

Зотан, асрлар силсиласида қисқадек туюлган мустақиллик даврида, айниқса, сўнгги олти-етти йилда мамлакатимизда халқнинг, миллатнинг қадди ростланди, Ватанимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини топди, тенглар ичра тенг бўлиб ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда. Буюк бобокалонларимиз номларини энди баралла фахрланиб айтадиган, улар қолдирган маънавий меросдан, бебаҳо миллий маънавий қадриятларимиздан ўзимиз ҳам баҳра оладиган, фарзандларимизни ҳам баҳраманд этадиган, инсон қадр-қиммати ва фаровон ҳаёт тотини дилдан ҳис қиладиган бўлдик.

Энг муҳими, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сураётганлиги, барқарор тараққиёт йўлини танлаган Ватанимиз  равнақ топиб, халқаро ҳамжамиятда нуфузи тобора ортиб бораётганидан кўнгилларимиз тоғдек кўтарилади.

Аммо, беш қўл баробар бўлмаганидек, ана шу буюк неъматнинг моҳияти ва қадрини ҳамма ҳам бирдек англайвермайди. Боз устига бизнинг бу ютуқларимизни хуш кўрмайдиган, сувни лойқалатиб ҳузурланадиган ички ва ташқи мухолифларимиз ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳам мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ҳар қандай таҳдидлардан огоҳ ва ҳушёр бўлиш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Зеро, Ватан муқаддас, унинг қўрғони даҳлсиз ва мустаҳкам бўлмоғи учун ҳар биримиз масъулмиз.

Давлатимиз раҳбарининг “Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини, эзгу ғояларни тараннум этишда ўзбек адабиёти бошқа маданият соҳалари учун ҳамиша мустаҳкам замин бўлган”, дея таъкидлаганлари биз қалам аҳллари кўнглига фахр туйғуларини бағишлаш билан бирга юксак масъулият ҳиссини юклайди.

Ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлади. Шу боис ҳам мамлакатимизда китобхонлик тарғиботи ва мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртбошимиз белгилаб берган вазифалар ижроси доирасида келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўпминг нусхада чоп этиш ва барча кутубхоналарга етказиб бериш чоралар кўрилиши,  ҳар йили энг яхши бадиий асарлар яратиш, таржима қилиш учун ижодий буюртмалар берилиб, муаллиф ва таржимонларга муносиб қалам ҳақи тўланиши бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтаради.

Ёшларимизда миллий қадриятларимиз ҳамда буюк аждодларимиз, улуғ алломаларимиз, фан, адабиёт ва санъат намоёндалари томонидан яратилган хазинадан тўғри фойдаланиш, унинг бебаҳолигини англаш ва ҳис қилиш кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш лозим. Чунки шу йўл билангина мустақил Ватанимиз эртанги куни ворисларида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтиришга, уларни маънавий баркамоллик сари етаклашга, интилиш ва изланишлар учун қанот бахш этишга эришамиз.

Инсон ўзлигини англагани, насл-насабини билгани, халқининг тарихи ва маънавий меросидан хабардор бўлиб боргани сайин унинг қалбида ватанга муҳаббат туйғулари тобора чуқурроқ илдиз отади. Бу илдиз қанчалар чуқур бўлса, унинг киндик кони тўкилган заминда босган қадами ишончлироқ ва мустаҳкамроқ бўлади ва уни ҳеч қандай «шайтон» йўлдан оздира олмайди.

Шунинг учун таълим-тарбия жараёнидаги барча мақсад ва вазифалар ёшларнинг пухта билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган малакали мутахассис, юксак маънавиятли шахс сифатида камол топишига йўналтирилган. Чунки, маънавият инсонга аввало ўзлигини, ўзининг қадр-қимматини англашни ўргатади. У инсоннинг кўнглини ҳам, йўлини ҳам ёритишга қодир.  Инсон маънавияти ўтда куймайдиган, сувда оқмайдиган бебаҳо бойликдир. Ёшларимиз ана шу бебаҳо бойлик соҳиби бўлганларидагина қадамлари қутлуғ ва ишончли бўлади.

Давлатимиз раҳбари: “Ҳаёт бор экан – жаҳолат ҳам, маънавий таҳдидлар ҳам бўлиши табиийдир. Аммо энг хатарлиси – юрт келажагига лоқайдлик, эзгу қадриятларга нисбатан бепарволикдир”,– дея яна бир бор барчамизни огоҳликка чорлади. Вазифамиз – аҳоли, айниқса, ёшларга Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англатиш, уларнинг қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғусини, миллати ва халқи учун улкан бунёдкорлик ишларига сафарбарликни юксалтира олишдир.

Чунки, шу азиз Ватанни, унинг мустақиллигини ёмон кўзлар ва ёмон сўзлардан асраш, бу буюк неъматларнинг муносиб ворисларини тарбиялаш ҳар биримизнинг муқаддас фуқаролик бурчимиздир.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати

 

Leave a Reply

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[an error occurred while processing the directive]