Хоразмда “Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийларнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” деб номланган республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
Куни кеча Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Хоразм Маъмун академияси ва Фонднинг Хоразм вилояти бўлими фаоллари ҳамкорлигида “Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийларнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Конференция Урганч Давлат университетининг мажлислар залида ташкил қилиниб, унда тошкентлик ва хоразмлик темуршунос олимлар, зиёлилар иштирок этдилар.
Конференцияни вилоят ҳокимининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси Р.Худойберганов очиб бериб, бундай анжуманларнинг ёш авлод учун аҳамияти катта эканини айтиб ўтди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ўзининг “Амир Темур номининг жаҳон ахборот воситаларида турлича аталиши” мавзусидаги маърузасида долзарб мулоҳазаларини баён қилиб, Соҳибқирон номига ҳурмат билан ёндошиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек мавзуга даҳлдор, конференция иштирокчилари учун янги бўлган бир қанча қизиқарли маълумотлар берди.
Шунингдек конференцияда Тошкент Давлат шарқшунослик университети профессори А.Алимбеков “Дунё адабиётида Амир Темур ҳақида биринчи тарихий роман” номли, Фонднинг ҳудудий бўлими бошлиғи, таниқли адиб Сотим Авазнинг “Ўзликни англатувчи тарих” номли, Тошкент Ренессанс университети профессори, сиёсий фанлар доктори Т.Алимардоновнинг “Амир Темур сиёсатида давлатчилик концепцияси” номли, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби директори, тарих фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори Ҳ.Назированинг “Хоразм манбашунослиги ва тарихшунослигида Амир Темур сиймоси” номли, тарих фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори Ш.Юсупов “Амир Темур ва Темурийлар даврида Хоразмда шаҳарсозлик маданияти тараққиёти” номли, Қатағон қурбонлари вилоят музейи директори, доцент Ю.Раҳмонова “Амир Темурнинг келини Севинбека – Хонзода хоним тақдири ҳақиқатлари” номли маърузаларида тингловчиларда шонли ўтмишимиз ҳамда буюк аждодларимиз хусусан Амир Темур ва Темурийлар ҳақида янги маълумотлар, янгича қарашлар, хусусан, Соҳибқирон ва Хоразм борасида манбаларда келтирилган муҳим маълумотлар айтиб ўтилди. Қизғин савол-жавобларга бой бўлган анжуман сўнггида Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди фаолларига Фонднинг кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати