Тошкент давлат юридик университетида «Ўтмишдан келган адолатли нидолар» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди
Куни кеча Тошкент давлат юридик университети биносида профессор Эрмуҳаммад Шерматов қаламига мансуб «Ўтмишдан келган адолатли нидолар» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда университет профессорлари, адабийитшунослар жумладан Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ҳамда 500 га яқин бўлажак ҳуқуқшунос талабалар иштирок этишди.
Тадбирни ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Ҳошимхонов Аҳрорхон Мўминович очиб берди.
Кейинги сўз навбати муаллиф Эрмуҳаммад Шерматовга берилди. Муаллиф адолат ҳақида сўзлар экан, мамлакатимизнинг адолатли сиёсати ва аждодларнинг адолатли бошқаруви ушбу китоб ёзилишига туртки бўлганини айтиб ўтди.
Тақдимот давомида таниқли давлат ва жамоат арбоби Саидмухтор Саидқосимов китоб ҳақида фикр билдирар экан, ёзиб тугатилиши учун 15 йил вақт сарфлангани ва бу вақт жуда катта меҳнат талаб қилганини алоҳида таъкидлаб, муаллифга ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.
Ушбу китоб билан боғлик 2 та нарсага эътибор бериш керак, – дейди Саидмухтор Саидқосимов – энг аввало ушбу китоб бутолааси орқали соҳага оид билимларни чуқур эгаллаш, иккинчиси – ўрганилган билимни ҳаётга тадбиқ этиш керак – дея ёш ҳуқуқшуносларга ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда маслаҳатлар бериб ўтди.
Кеча меҳмонларидан Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али сўзга чиқар экан, ўз нутқида Соҳибқирон ҳазратлариниг нечоғлиқ адолатли бўлганлиги ҳақида айтиб ўтди: “Адолат деганда кўз ўнгимизга Соҳибқироннинг адолати келади. “Куч адолатда” деб бекорга айтмаганликларини фаолиятидан ҳам билиб олсак бўлади. Амир Темур бобомиз фарзандлари, набиралари қонунни бузса ҳам жазолаганлар. «Чўпи ясоқ» деган жазо бўлган, у жазо кичик ёшдагиларга тайинланган, ўша жазога тортган. Соҳибқирон айтадики, давлат ишларининг 9 ишини кенгашга машваратга қолдирдим қолган 1 улушини қиличга қолдирдим дейди” – дея адолатнинг бизга азалдан мерос бўлиб келаётганлиги ҳақида сўзлаб ўтди. Шунингдек, бўлажак ҳуқуқшуносларга қизиқарли ва улар учун янги бир қанча маълумотлар айтиб ўтди.
105 йиллик тарих ҳақида сўзловчи ушбу китоб ҳақида сўз навбати Китематография агентлиги бош директори ўринбосари Шуҳрат Ризаевга келганда “Ёшлигимизда бу ер (университет биноси) маданият уйи (зобитлар уйи) эди, бу ерда рус мусиқалари маданияти устувор эди, мен ўйлайман бу ерда мустақилликкача ўзбек мусиқаси янграмаган деб ўйлайман. Бугун сизлардек қоракўзлар таълим олаётгани мени қувонтиради” – дея шодлигини очиқлади.
Самимий ва кўтаринки кайфиятда ўтган ушбу тақдимот кечасида барча дилларда ўзгача шавқ, аждодлари хотирасига эса чексиз ҳурмат туйғулари жўш урди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати