Фонднинг ярим йиллик фаолиятига бағишланган кенгайтирилган Раёсат мажлиси бўлиб ўтди
Бир неча соат аввал Темурийлар тарихи Давлат музейи кичик залида Халқаро Амир Темур хайрия жамоат Фондининг ярим йиллик фаолиятига бағишланган кенгайтирилган Раёсат мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Фонд раиси, Ўзбекисон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Тошкент Давлат Шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Алимбеков, Фонд ижрочи директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фаррух Расулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, академик, Саидов Акмал Холматович, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, профессор Дилором Юсупова, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳамда Фонднинг ҳудудий бўлим раҳбарлари ва Темурийшунос олимлар иштирок этишдилар.
Йиғилишни Фонд раиси Муҳаммад Али Аҳмедов очиб бериб, дастлаб Фонднинг 2023 йил биринчи ярмида олиб борган фаолияти ҳақида ҳисобот бериб ўтди. Шунингдек 2022 йилнинг октабр ойидан буён бўш турган Фонднинг Наманган вилоят бўлимига Жамолхон Боқиев раҳбар лавозимига тайинланди. Ҳисобот давомида шу кунгача фонд томонидан нашр этилган китоблар – “Султон Ҳусайн Мирзо”, “Амир Темур ва Темурийларнинг молия-пул сиёсати” каби китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан А. САИДОВ, Д.Юсупова ва ҳудудий бўлимлар раҳбарлари ўз таклиф мулоҳазаларини атрофлича билдириб ўтишди.
Қолаверса, Фонднинг яқин йиллардаги режаларида:
а) Амир Темур ҳазратлари таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан 2026 йил 9-16 март кунлари Парижда ЮНЕСКО ҳомийлигида халқаро анжуман ўтказиш, унда жаҳоннинг етук темуршунослари иштирокини таъминлапш;
б) Тошкентда мамлакат илмий жамоатчилиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Тарих институти, республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Темурийлар тарихи Давлат музейи ва бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида 2026 йил 7-9 апрель кунлари халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш, уни матбуотда кенг ёритиш;
в) Муҳтарам Президентимиз олға сурган ғоя – Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” роман-эпопеяси асосида сериал яратиш ва уни юбилей кунларида дастлабки серияларини кўрсатишга, тақдимотини ўтказишга эришиш;
г) Соҳибқирон ҳаёти ва даврига бағишланган илмий-бадиий китобларни нашр этиш(рўйхат алоҳида илова қилинади) ва китоблар кўргазмасини намойиш қилиш, уларнинг оммавий-ахборот воситаларида, телевидение–радиода, хусусан, Temuriy.UZ Фейсбук ва бошқа сайтларда тарғиботини кенг кўламда амалга ошириш;
д) Амир Темур ҳақидаги спектаклларни республика театрларида намойиш этишни режалаштириш, Амир Темурга бағишланган балетни қўйиш, операни, монооперани(ҳар иккиси мусиқаси ёзилган) Навоий театрида саҳнага олиб чиқиш, “Ўзбекистон тарихи” телеканалида Соҳибқирон ҳаёти ва даврини қамраб олган тизимли кўрсатувлар бериб боришни йўлга қўйиш;
е) 2024 йилдан бошлаб вилоятларда, олий ўқув юртларида, шаҳар-маҳаллаларда, мактабларда, “Темурбеклар мактаблари”да, ҳарбий округ ва қисмларда таниқли олимлар, адиблар, зиёлилар иштирокида режали учрашувлар ўтказишни бошлаб юбориш ва барчасида Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ёрқин кўрсатишга интилиш;
ё) Амир Темур бюстини бир неча хил вариантларда тайёрлаш ва режали равишда маҳаллалар ва идораларни, мактаб ва зиё масканларини, олий ўқув юртлари кутубхоналари ва залларини безашда ундан фойдаланиш; “Амир Темур – менинг бобом” кўрик танлови қамровини янада кенгайтириш; мактаб ва олий ўқув юртларида Соҳибқирон ҳаётига бағишлаб турли викториналар бошқа баҳс-мусобақалар, суҳбатлар, учрашувлар ташкил қилиш.
ж) Амир Темур қаламига мансуб “Темур тузуклари” ёдгорлигини уч тилда – ўзбек, рус ва инглиз тилларида рангли безакларда нашр этиш ва тақдимотини ўтказиш каби бир қатор қутлуғ мақсадлар борлиги баён қилинди.
Шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига тайёргарликни бошлаб юбориш ҳақида Президент администрациясига таклифлар бериш, уставга асосан хорижий мамлакатларда бўлимлар очиш, кадрлар масаласи, фонд моддий базасини мустаҳкамлаш, янги китоблар нашр этиш ва тақдимотини ўтказиш каби ташкилий масалалар масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, анжуман давомида Ҳалқаро Амир Темур ва темурийлар сулолалари томонидан қолдирилган маданий маърифий ва меъморий меросимизни ўрганиш, тадқиқ этиш, ҳалқаро миқёсда ҳам кенг тарғиб этишга катта ҳисса қўшган фидоий темурийшунос олимларнинг бир гуруҳи – Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фондининг “Кўкрак нишони” билан тақдирландилар.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати