“Инсонга эътибор – олий қадрият” лойиҳаси асосида хайрия акцияси ўтказилди
Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган навбатдаги грант танловида “Инсонга эътибор – олий қадрият” лойиҳаси қатнашган Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими ғолибликни қўлга киритган эди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллик байрами кенг нишонланаётган шу кунларда мазкур лойиҳа асосида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, куни кеча Фонднинг ҳудудий бўлими раҳбари Муҳаббат Шоюсупова ҳамда бир гуруҳ масъуллар Чирчиқ Олий танк қўмондонлик мухандислик билим юрти жамоаси билан ҳамкорликда навбатдаги хайрия акциясини ўтказди.
Мазкур билим юртида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, ҳаётдан бевақт кўз юмган ҳарбийлар хонадонларига ташриф буюриб, уларни байрам билан қутлаб, эсдалик совғалари топширди.
Бу эътибор ва ташрифдан барча мамнун бўлди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати