Қашқадарё вилоятидан Амир Темур даврига оид қишлоқ харобалари топилди
Қадим тарихдан сўзлайдиган манбалар бизга Амир Темурнинг бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳанузгача хабар бериб келмоқда. Темурийлар империясида ҳаёт тарзи қандай бўлган деган савол соҳа мутахассисларини ҳалигача қизиқтириб келади ва янги қазишма ишларини олиб боришга ундайди.
Шундай қизиқишлар натижасида Қашқадарё вилоятида олиб борилаётган археологик қазишма ишлари мобайнида Амир Темур даврига оид топилмалар аниқланганлиги Маданий мерос агентлигининг веб-сайтида эълон қилинди.
Хабарда айтилишича, Самарқанд археология институти ходимлари томонидан Қашқадқрё вилоятининг Муборак туманида жойлашган Хўжа Рушноий обидаси ҳудудида олиб борилаётган қазиш ишлари мобайнида куни кеча археологик топилма ва тупроқ қатламлари, жумладан, қишлоқ харобалари орасидан Амир Темур даврига мансуб 4 та хона аниқланган.
Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу ёдгорлик ўрнида XIII-XIV асрларда Қаршидан Бухорога олиб борувчи гавжум аҳолига тўла карвон йўли жойлашган. Қишлоқнинг бугунги кунда сақланиб қолган қолдиқларининг майдони 30 гектарни ташкил этади. Шунингдек, ўша даврда истиқомат қилган овул аҳолиси Чиғатой даврининг сўнгги ва Амир Темур замонида маданий жиҳатдан анча тараққий этган. Топилмалар орасида кошин, сирланган сопол, металлдан ясалган хўжалик жиҳозлари ва бошқа ноёб буюмлар бор. Тадқиқотчилар Амир Темур замонида нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам ривожланиш даражаси юқори бўлгани ҳақида дастлабки хулосаларга келган.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати