2023 йил 6 ойлик ишлар сарҳисоби қилинди
Куни кеча Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али бошчилигида бир гуруҳ тарихчи олимлар қардош Қозоғистонда бўлиб қайтишди. Сафар давомида Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Қозоғистон Республикаси бўлимининг ўтган ярим йиллик фаолияти билан яқиндан танишилди.
Фонд раиси Муҳаммад Али сўзга чиқиб, ушбу бўлимда ўтган вақт мобайнида амалга оширилган ишларнинг яхши натижа бераётганлиги, аммо кўзланган буюк мақсадлар учун бу ҳали кам эканлигини таъкидлади.
Яқинлашиб келаётган қутлуғ тантана – Соҳибқирон Амир Темурнинг 690 йиллигига ҳозирдан тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, раис ўз маърузаси давомида Фонднинг бошқа ҳудудлардаги бўлимлари фаолияти ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтди. Йиғилишда сўзга чиққан шарқшунос олим Адҳамбек Алимбеков Амир Темур ва Темурийлар сулоласига оид тўпланаётган янги маълумотлар ҳақида хабар берди.
Шунингдек, сўзга чиққан Фонд ижрочи директори Фаррух Расулов Соҳибқирон таваллудининг 688 йиллигини тантанали ўтказиш борасидаги ўз таклифларини ўртага ташлади.
Фонднинг Қозоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Икром Хошимжонов қолган вақт мобайнида қилинадиган ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазадари билан ўртоқлашди. Меҳмонлар Чимкентда Соҳибқирон ҳаёти билан боғлиқ қадамжоларни зиёрат қилдилар.
«Ибройим ота», «Қутбиддин бобо», «Қорасоч она» каби қадамжоларда ота-боболар руҳига дуои фотиҳалар қилинди.
«Қутбиддин бобо» мақбараси даставвал Амир Темур томонидан бунёд этилган эди, 17-18 асрларда мақбара биноси янгидан тикланди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди фаолларидан бири, Соҳибқирон роли билан халққа танилган Абубакр Хонхўжаевнинг 70 ёшга тўлишига бағишланган кечада унга Фонднинг кўкрак нишони топширилди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати