Андижонда «Соҳибқирон Амир Темур – буюк давлат арбоби, саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
Куни кеча Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Андижон вилоят бўлими ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейи ҳамкорликда «Соҳибқирон Амир Темур – буюк давлат арбоби, саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда академик лицейнинг 200 дан ортиқ талабаси, ўқитувчи ва раҳбарлари ҳамда бир гуруҳ меҳмонлар иштирок этишди.
Тадбирда Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Андижон вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Шуҳрат» медали соҳиби Ҳабиб Сиддиқ, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти доценти, тарих фанлари номзоди Расулжон Юсупов, академик лицей директори ўринбосари Шомурод Фахриддинов ва бошқалар соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, марказлашган йирик давлатга асос солганлиги, адолатпарварлиги, бунёдкорлик ва илм-фан ривожига катта эътибори, жаҳон тамаддуни ва ўзбек давлатчилиги ривожидаги ўрни хусусида сўзладилар.
Мустақиллик туфайлигина буюк бобокалонимиз номини фахр билан тилга олиш имконига эга бўлганимиз, Амир Темур асос солган давлат бошқаруви тартиб-тамойиллари ҳозиргача ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани ва фойдаланилаётгани, ёшлар бугунги тинч-осойишта ҳаёт ва барқарор тараққиётнинг қадрига етиши, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб билим чўққилари эгаллашлари ва Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишлари лозимлигини таъкидланди.
Иқтидорли ўқувчилар Амир Темур, ватанпарварлик, миллат қадри ва равнақи ҳақида шеърлар ўқиб даврага файз киритдилар.
Тадбир сўнггида иштирокчиларга Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли филм намойиш этилди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати