Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

Амир Темур

(+99871) 232-02-27

Биз билан алоқа

info@temuriy.uz

Электрон почта
 Буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 687 йиллигига бағишланган катта тадбир бўлиб ўтди

Буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 687 йиллигига бағишланган катта тадбир бўлиб ўтди

Айни дамда Тошкент шаҳри Амир Темур хиёбонида буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 687 йиллигига бағишланган  мусиқавий катта тантана бўлиб ўтди.

Дастлаб Амир Темур ҳайкали салобат тўкиб турган майдон  давлат ва жамоат арбоблари, олим, шоир ва ёзувчилар, маҳаллалар фаоллари, талаба ва ўқувчи ёшлар, меҳнат жамоалари вакилларидан иборат кенг жамоатчилик вакиллари билан лиқ тўлди. Сана муносабати билан ўтказилаётган ушбу тантанали маросимни очиб бериш учун Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси,  Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алига сўз берилди.

 

Халқнинг севимли адиби, Темурийшунос олим ўз нутқида Соҳибқирон Амир Темур буюк давлат арбоби, моҳир лашкарбоши, илм-фан, маданият ва маърифат ҳомийси сифатида жаҳон тарихига киргани, Туронзаминда тинчлик ўрнатиб, унинг ҳар жиҳатдан ривожи учун лозим бўлган барча тадбир ва дастурларни амалга оширгани ҳамда мамлакат маъмурлиги, халқнинг тинч, осойишта ҳаёт кечириши ва давлатнинг қудратли бўлиши учун зарур бўлган барча чора-тадбирларни амалга оширганлигига алоҳида урғу бериб, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг  687 йиллигига бағишланган  тантанали тадбирни очиқ деб эълон қилди.

Тантанада сўзга чиққан Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги  Фавқулодда ва Мухтор элчиси   Ҳусайн Гулиев ўз нутқида Соҳибқироннинг Озарбайжонда тутган ўрни, мамлакат тарихида қолдирган изи бунёдкорлик ишлари ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, тадбир давомида тарихчи олимлар, шоирлар ва бир қанча таниқли инсонлар сўзга чиқиб, Соҳибқирон ҳақидаги қизиқарли маълумотларни айтиб ўтишди. Жумладан, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири, таниқли шоир Сирожиддин Рауф ўзининг Амир Темур хотирасига бағишланган “Халоскор” номли шеърини ўқиб берган бўлса, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ўз чиқишида Муҳаммад Али қаламига мансуб “Амир Темур монологи” дан парча ўқиб берди.

Тадбир давомида “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари “Темур тузуклари” асаридан намуналар ўқишиб, йиғилганлар кўнглини шод этган бўлса, Мудофаа вазирлиги жанговар гуруҳи ҳамда Миллий гвардия харбий хизматчиларининг кўггазмали чиқишлари йиғилганларни чексиз фахр-ифтихорга тўлдирди.

Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан сўнг ушбу – турли ташкилотлар, вазирликлар, академиялар ва уюшмалар ҳамда жамоатчилик вакиллари-ю талабалардан иборат бир неча минг кишилик ушбу тантана Темурийлар тарихи Давлат музейида  “Темурийлар Ренессанси: тарих, тадқиқотлар ва муаммолар” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияга уланиб кетди.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати

Leave a Reply

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[an error occurred while processing the directive]