Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди
Президентимизнинг 2023 йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра жорий йилнинг 14 февраль куни Андижон вилоят ҳокимлиги, Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан Янги Андижон шаҳрида халқаро анжуман ўтказилди. Анжуманда давлат, жамоат арбоблари, юртимиз ва хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган бобуршунос олимлар, ёзувчи ҳамда шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, улуғ шоир хотирасига эҳтиром кўрсатилди.
Анжуман очилишида эса Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, озарбайжонлик бобуршунос Рамиз Аскер, туркиялик олим Билол Южел ва бошқалар сўзга чиқди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда халқимизнинг бой маданий мероси, тарихи, бетакрор археологик ва тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятларимизни, айниқса, жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожига, инсоният тафаккурининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларни улуғлаш, улар томонидан яратилган бебаҳо тарихий асарларнинг илмий-тарихий аҳамиятини жаҳон жамоатчилиги эътиборига кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Президентимизнинг жорий йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга кенг йўл очиб бериши алоҳида қайд этилди.
Анжуманда дастлаб Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида 2022 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилдаги режалар хусусида маъруза тингланди.
– Бобур халқаро жамоат фонди ва халқаро илмий экспедицияси ташкил этилганидан буён самарали фаолият олиб борди, – дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрабов. – Ўтган ана шу давр мобайнида фонд томонидан кўҳна тарихимизни чуқур ўрганиш, Бобур ва бобурийлар яратган бой илмий-маданий мерос намуналарини Ватанга олиб келиб, илмий истеъмолга киритиш, заминимиздан етишиб чиқиб, хорижда умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз қабрларини зиёратгоҳларга айлантиришга қаратилган эзгу ва хайрли ишлар олиб борилди. Жумладан, Бобур изидан дунёнинг 40 зиёд мамлакатлари бўйлаб илмий сафарлар уюштирилди. Натижада кўплаб янги-янги манбалар қўлга киритилди. Улардан олинган нусхалар “Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан ўрин олди. Ҳозирда музейда мингга яқин ноёб қўлёзма асарлар ва нодир китоблар, қимматли манбалар сақланмоқда.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Бобур халқаро жамоат фонди ҳамда Халқаро илмий экспедиция томонидан бир қатор халқимизнинг буюк аждодлари мангу макон топган масканлар излаб топилди. Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, мавлоно Лутфий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб сингари улуғ зотларнинг қабрлари зиёрат қилинди, ободонлаштирилди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида Бобур ижоди, унинг илмий-ижодий меросини ўрганишга оид ўнга яқин китоблар нашр этилди.
Анжуманда Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия ва Америка Қўшма Штатларидан келган бобуршунос олимлар, қатор давлатлар элчихоналарининг вакиллари иштирок этди.
– Юртингизда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги олиб борилаётган ишларга ҳавас қилдим, – дейди Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият бўлими раиси Амир Саид Карамий. – Хусусан, нафақат Осиё, балки жаҳон илм-фани, тараққиёти ва ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ҳамда давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган эҳтиром халқингизнинг шу юртдан етишиб чиққан буюк тарихий шахсларга бўлган ҳурматининг ёрқин намунасидир.
Заҳириддин Бобурни Эронда ҳам севиб ўқишади, унинг ижодига қизиқувчилар кўп. Бобур ижодини ўрганиш ва тадқиқ этиш бўйича Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон бобуршунослари билан эронлик олимлар, ижодкорларнинг ҳамкорлиги янада мустаҳкамланишини жуда-жуда истар эдим.
Анжуманда юртимиз ва хорижлик бобуршунослар томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, фаолияти, ижодининг илмий, бадиий, тарбиявий аҳамиятига бағишланган маърузалар ўқилди.
АҚШнинг Мичиган университети профессори Темур Хўжа ўғли, Ҳиндистон давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият маркази ходимлари Ражиб Госвами, Ситеш Кумар, Қозоғистон Миллий университети профессори Ислом Жеменей, Боку давлат университети профессори Рамиз Аскер, туркиялик бобуршунос олим Билол Южел, Бобур номли халқаро жамоат фонди Қирғизистон бўлими раҳбари, профессор Бегижон Аҳмедов Бобурнинг маданиятпарварлиги, Бобур ва бобурийлар меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, Бобур ижодининг туркий дунёда ўрганилиши, “Бобурнома”нинг қозоқ, озарбайжон тилларига таржимаси, “Бобурнома” асари тилининг ўзига хос хусусиятлари мавзусидаги маърузалари билан қатнашди. Бобур ҳаёти ва ижодига оид хорижда чоп этилган янги китоблар Бобур номли халқаро жамоат фондига совға қилинди.
Мазкур анжуман Бобур шахси, ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб этиш, ижодий меросини ўрганиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати