Чирчиқда «Оила – муқаддас даргоҳ» мавзусида суҳбат ўтказилди
Оила – бу Ватан ичидаги кичик бир Ватандир. Аввалдан аждодларимиз оила шаъни ва ор-номусини пок сақлашга миллатимизнинг, халқимизнинг энг улуғ миллий қадрият ва фазилатларидан бири сифатида қараб келган. Инсоният яратилгандан буён ҳамма даврларда ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сонли фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 31 декабрь куни қабулланган “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори бу борада дастурил амал бўлмоқда. Бугунги кунда жойларда никоҳга кирувчиларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш мақсадида ФҲДЁ бўлимига ариза билан мурожаат қилган ҳар бир жуфтлик учун оила қуришга тайёрлаш бўйича махсус ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган “Ёш оилалар” мактабининг бу борадаги фаолияти алоҳида тахсинга лойиқдир.
Ҳафтанинг ҳар шанба куни “Ёш оилалар” мактабининг ўқув машғулоти ўтказилади. Унга катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган онахонлар, “Бувижонлар мактаби” фаоллари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, рухшунос, ҳуқуқшунослар, отинойи ҳамда имом-хатиблар жалб этилган. Шунингдек, ўқув машғулотлари самарадорлигини ошириш мақсадида турли соҳа эгалари ҳам таклиф этилади. “Ёш оилалар” мактабининг навбатдаги машғулотида Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошлиғи М.Шоюсупова иштирок этди. Ёш оилалар билан суҳбат узоқ тарихдан бошланди.
Маърузачи, жаҳон тарихида ҳар бир мамлакатда ўз халқининг миллатга айланишида, давлат бўлиб шакилланишида ва юксак тараққиёт йўлига чиқишида Йўлбошчи, деган шарафли номга эга, тарихда ўчмас из қолдирган буюк шахсларнинг хизмати катта бўлганлигини таъкидлаб, Буюк сиймолар тарих синовларига бардош бериб, тарихда ўз қадр-қимматларини топишгани ва инсоният учун доимо ибрат бўлиб қолганлигини уқтириб ўтди. Шунингдек, миллий давлатчилигимизни равнақ топтирган буюк сиймо, миллатимиз тимсоли Амир Темурнинг бу борадаги хизматларига алоҳида тўхталди.
– Бизга тарихдан яхши маълумки, Соҳибқирон Амир Темур оила қуриш масаласига давлат юмушларидек жуда жиддий эътибор бериб, оила қуриш, фарзандларни ўйлантириш ва келин танлаш ҳақида қуйидагича фикр билдирган эди. “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни ўйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмонан камолатини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насабаси, одоб-аҳлоқи,соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина эл-юртга катта тўй-томоша бериб, келин туширдим, дея кўрсатиб ўтган Амир Темур ўзининг ўгитларида. Шунингдек, “Темур тузуклари”да ҳам бу мавзу алоҳида ўрин олган.
Ёш келин куёвлар билан суҳбат жуда ҳам мароқли ўтди. Энг мухими савол-жавобларидан шу нарсани англадикки, улар буюк аждодларимиз, миллий қадриятларимиз тарихига бефарқ эмас. Тадбир сўнгида оила қураётган ёш келин-куёвларга бўлим томонидан тайёрланиб чоп этилган туркум буклет, плакат ҳамда “Амир Темур сoлномаси” рисоласини тақдим этилиши, уларнинг руҳини янада кўтариб юборди.
Шу куни бўлим яна бир қутлуғ ишга қўл урди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Инсон қадрини улуғлаш – энг олий саодат” лойиҳаси асосида ўтказилаётган хайрия акцияси доирасида қиш қировли кунларида ўз ҳаловатидан кечиб, ёш оилалар билан яқиндан иш олиб бораётган фидоий онахонлардан бир гурухига грант маблағлари ҳисобидан олинган совғаларни тортиқ этди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати