Юртимизда ўтказилаётган «Меҳр-мурувват» ойлигида жойларда хайрия акцияси ўтказилмоқда
Юртимизда «Меҳр-мурувват» ойлиги ўтаётган шу кунларда Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Тошкент вилоят бўлими ҳам бир қатор хайрли ишларни амалга оширмоқда. Ушбу бўлим Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Инсон қадрини улуғлаш – энг олий саодат” лойиҳаси асосида Чирчиқ шаҳрининг “Истиқлол” ҳамда “Ишонч” маҳаллаларида хайрия акциясини ўтказди. Хайрия акциясида имконияти чекланган бир гурух фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, ёрдам кўрсатилди.
Ушбу хайрли ишларга бошчилик қилаётган Муҳаббат Шоюсупова гарчанд нафақада бўлсада, бугунги кунда Халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят муассасасини намунали бошқариб келмоқда. Хусусан, маҳалладаги “Аёллар дафтари”да турувчи, имконияти чекланган, Карима опа Машраповага грант маблағлари ҳисобидан олинган гилам-поёндозни тортиқ килинди. Карима опа эса совғадан ҳам кўра ташрифдан мамнун бўлдилар. Қизиқ жиҳати, ўз вақтида Карим Машарипова Муҳаббат опага устозлик ҳам қилган. Бу ҳақда Муҳаббат опа батафсил шундай ҳикоя қиладилар:
“Ўқувчилик йилларимда қишлоқ ҳаётидан унда-мунда кичик хабарлар ёзиб, туманимизда чиқадиган “Коммунизм учун” газетасига жўнатиб турар эдим. Ўрта мактабни тугатиб олийгоҳга кира олмадим. Отам Шоюсупов Ортиқ ака шу йиллари мактаб директори бўлиб ишлар эдилар. Бир куни ёнларига чақириб;
– Қизим. Энди бекор юрма. Ҳозир колхозда айни йиғим-терим пайти. Чиқиб ишлагин,-дедилар қисқагина қилиб. “Хўп”, дедим тақдирга тан бериб. Ўша кунлари бекорчиликда бир нечта ҳикоячалар, мақолалар қоралаб қўйган эдим. Ишга чиқиб кетсам қолиб кетмасин, деб уларни олиб туман газетаси тахририятига йўл олдим. Унга қадар бир неча бор тахририятда бўлиб, газета жамоаси билан анча синашта бўлиб қолган эдим, мени кўрган газета мухаррири Тўлқин ака Ҳакимов(Жойлари жаннатда бўлсин) дарҳол сўроққа тутдилар. Ўқишга киролмаганимни эшитиб;
– Машинкада ёзишни биласанми? – деб, мени машинисткаликка ишга таклиф этдилар. Кутилмаган бу таклифдан юрагим ёрилгудек бўлиб, – Ҳа, биламан,-деб юборибман.
– Қани юрчи, деб мени машинисткалар ишлайдиган хонага бошлаб кирдилар. У ерда битта аёл қўли-қўлига тегмай қандайдир матнни машинкада ёзаётган экан.
– Каримахон, бироз жойингизни бўшатиб туринг, қизимизнинг ишини бир кўрайлик, – деди мулойимлик билан Тўлқин ака. Ўриндиққа ўтирар эканман, қўлларим ҳаяжондан дағ-дағ титирарди. Бирор марта машинкада ёзиб кўрмаганман. Қандай ишлатишни ҳам билмайман. Қандай қилиб, биламан, деб юборганимни ўзим ҳам англамай қолдим. Бироз эсанкираб турдим. Вазиятимни тушунган Карима опа ёзаётган қоғозини олиб, янгисини қўйдида, менга алланималарни тушунтира кетдилар.
Мухаррир бошларини сарак-сарак қилиб, бир гап айтмоқчи бўлдилару, лекин мени жовдираб турган кўзларимдан ниманидир англадилар шекилли;
– Энди гап бундай қизим, Карима опангиз бир ҳафтадан кейин узоқ муддатли татилга (декретга, демоқчи бўлдилар) кетадилар. Шунга ўринларига янги машинистка олишимиз керак. Сени эплашинг қийинга ўхшайди.
– Йўқ, йўқ, эплайман. Менга муддат беринг, дедим жон ҳолатда.
– Ҳа майли,- дея Тўлқин ака хонадан чиқиб кетди. Истараси иссиқ, юзларидан нур ёғилиб турган бу аёл мулойимлик билан мени бағрига босиб;
– Ҳафа бўлма синглим, Худо хохласа сенга бир ҳафтада машинкада ёзишни ўргатаман. Бу ёғи ўзингга боғлиқ, дедилар. Кўнглим анча ёришди. Карима опа хонада турган яна бир машинкани мени ихтиёримга топширдилар. Шу кундан эътиборан ҳаётимда янги саҳифа очилди. Юрсам ҳам, турсам ҳам кўз ўнгимдан машинка клавиатурасидаги ёзувлар кетмайди. Хатто ҳарфлар жойлашувини кардон қоғозга тушириб олиб, ҳаёлан матн тердим. Айтилган бир хафта ҳам ўтиб, мен кутган имтиҳон кун келди.Ҳаяжондаман. Уре синовдан ўтдим. Албатта,бунга устозим Карима опа Машрапованинг саъй-ҳаракатлари билан эришдим. Ҳаётда ўз йўлимни топишимда, тақдиримни яратилишида, келажакда етук инсон бўлиб етишишимда Карима опанинг хизматлари жуда катта.
Ўн йилдан зиёд опахон билан бирга ишладик. Кейинчалик мени адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб лавозимларига кўтаришди. Шу орада олийгоҳни ҳам сиртдан тамомладим. Тахририятда қандай ловозимда ишламайин, менинг биринчи маслаҳатгўйим Карима опа эдилар. Мени ҳаётда ўз йўлимни топиб олишимда оқила, дона бу аёл ўз ўгитлари, панд-насиҳатлари билан катта хисса қўшганлар. Бу учун улардан чексиз миннатдорман.
Карима опа Машрапова узоқ йиллар тумандаги газета тахририяти ҳамда босмахонасида меҳнат қилди. Қанчадан-қанча шогирдларни тарбиялади. Яқинда уларнинг бетоблигидан хабар топдим. Ногиронлар куни муносабати билан “Бўстонлиқ овози” туман газетасининг бош мухаррири Манзура Алиохунова ҳамкорлигида уларнинг хонадонига ташриф буюрдик.Устоз билан ўтган кунларни эслар эканмиз, дийдор, меҳр-оқибат ҳамма нарсадан улуғ эканлигини яна бир бор хис этдик. Бизнинг кутилмаган ташрифимиздан Карима опанинг боши осмонга етди.»
Бир неча ўн йиллар ўтсада, устозининг самимий хизматларини ёдидан чиқармай, ҳақиқий шогирд қандай бўлишини амалда барчага кўрсата олган Муҳаббат опага мустаҳкам соғлик ва бошлаган ишларида муваффақиятлар тилаймиз.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати