ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ – ЭНГ ОЛИЙ САОДАТ
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Тошкент вилоят бўлими
ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинаётган грант танловларида фаол қатнашиб, беш маротаба ғолибликни қўлга киритди. Яқинда эса бўлим Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Ўзбекистон, мустақиллигинг абадий бўлсин” шиори остида эълон қилинган “Қариялар, ёлғиз кексалар ва ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатишда давлат органларига кўмаклашиш” мавзусидаги грант танловида “Инсон қадрини улуғлаш – энг олий саодат” лойиҳаси билан қатнашиб, ғолибликка эришди.
Албатта ҳар бир кекса, хусусан ногиронларга мурувватли бўлиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Бу нафақат маънавий қадрият балки, жамиятимизнинг барқарор ривожланишини белгилаб берувчи мухим ижтимоий омиллардан биридир. Худди шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Тошкент вилоят бўлими ғолибликни қўлга киритган лойиҳада ҳам асосий эътибор қариялар, ёлғиз кексалар ва ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатиш, ёши улуғ инсонларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳаётий тажрибаларини ёшларга ўргатишга қаратилган.
Куни кеча грант лойиҳаси асосида бўлим томонидан Бўстонлиқ туманидаги Қўшқўрғон қишлоғида ҳайрия акцияси ўтказилди. Фонд бўлим бошлиғи, грант лойиҳаси раҳбари М.Шоюсупованинг ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбир узоқ йиллар юртимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилган меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олишдaн бошланди. Тадбир иштирокчилари шу куннинг ўзида 12 та хонадонда бўлдилар, қариялар ва ногирон кексаларни қийнаб келаётган муаммоларини ўргандилар ва шу ернинг ўзидаёқ уларни ҳал этиш чора тадбирлари белгилаб олинди. Кексаларга грант маблағлари ҳасобидан олинган совғалар улашилди.
Халқаро АмирТемур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати