Навоийда «Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун»га бағишлаб тил байрами ўтказилди
Яқинлашиб келаётган «Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун» муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган тадбирлар Навоий вилоятининг Қизилқум саҳроси бағридаги Зарафшон шаҳри аҳли билан ҳам кўтаринки кайфиятда нишонланди. Айниқса ўқувчи ёшлари ушбу анжуманни ўзгача бир тайёргарлик ва кўтаринки кайфият билан кутиб олдишди. Байрам тадбирлари Зарафшон шаҳрининг «Олтин водий» маданият саройидаги тантанали анжуман билан бошланди. Унда пойтахтдан келган бир гуруҳ адиблар, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Баҳриддин Садриддинов, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошлиғи Рамазон Эгамов ва Навоий Кон Металлургия Комбинати матбуот котиби Азамат Зариповлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Муҳаммад Али, Шарқшунослик институти профессори Адҳамбек Алимбеков, Тиббиёт фанлари доктори ва таниқли шоир Жуманазар Бекназаров, Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси бўлим бошлиғи, истеъдодли шоир Хумоюн Акбарлар ўзларининг миллий қадриятларимиз ичра энг улуғи бўлган она тилимизни эъзозлаш, қадрлаш, соф ҳолида сақлаш ва ривожлантириш каби масъулиятли ва шарафли ёндашувларга бой бўлган энг қайноқ маърузалари билан кўпчиликнинг она тилимизга бўлган меҳрини яна ҳам оширди.
Ижодий тадбирларнинг иккинчи куни Навоий Давлат Кончилик ва Технологиялар университети илмий жамоаси ва талаба ёшлари билан давом этди. Сафар давомида ижодкорлар Навоий Машинасозлик Заводида ҳам бўлишиб, ишчилар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Саноат соҳаси қаҳрамонликларига доир янги асарлар яратиш ҳақидаги режалар тузилди.
Тадбир сўнггида қатнашчилар учун Зарафшон шаҳар «Қизилқумни ўзлаштириш тарихи музейи»нинг экспозиция заллари бўйлаб экскурциялар уюштирилиб, музейдаги нодир экспонатлар ва коллекциялар орқали Қизилқум саҳроси кенгликлари ва у ерда бунёд этилган ноёб саноат корхоналари ҳамда кончилари ҳаёти ва фаолияти тарихи билан таништирилди.
Ўзбекистон Қахрамони Фарход Сойибов ва Зарафшон шаҳар ҳокими Назиржон Рахмоновлар билан соҳага доир қизғин суҳбатлар бўлди.
Меҳмонлар ҳудудда бунёд этилаётган янги саноатчилар шаҳарчасидаги бир биридан муҳташам ва замонавий турар жой бинолари қурилишлари билан ҳам танишдилар.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати