Сири очилмаган ғор
Яқинда Ўзбекистон Миллий ПР маркази электрон сайтида Амир Темур номи билан боғлиқ, аммо шу кунгача ўрганилмаган ғор ҳақида қатор маълумотлар эълон қилинди. Унга кўра, Қашқадарё вилоятининг «Қалъаи Шерон» (шерлар қалъаси) номли ҳудудда бир ғор бўлиб, айтишларича унда Темур бобомиз бир қанча вақт қўним топган. Манбаларда қайд этилишича, юқоридан назар солинганда ғор қалъага ўхшаб кўрингани учун унга шундай ном беришган.
«Маълумотларга кўра, ёш саркарда Кешни (Шаҳрисабз), сўнг Самарқандни забт этиш учун ўз қўшинларини тўплаб, қишни айнан шу ерда ўтказишга қарор қилган. Аслида Соҳибқироннинг юксак мартабаларга эришиш йўли ушбу ғордан бошланган. Ёш Амир Темур ўша даврларданоқ нимани хоҳлаётганини ва унга қандай эришишни аниқ билган. Дарҳақиқат, ғор том маънода шундай руҳ билан тўйинган…» дейилади мақолада. Лекин эътироф этишимиз керакки ғорга етиб олиш у қадар осон эмас. Чунки тоғ дарёсининг кучли шовқини остида 200 метрлик вертикал дарага биргина тор сўқмоқ йўл орқалигина тушиш мумкин. Денгиз сатҳидан 2550 метр баландликда жойлашган бу масканда илгари вайрон бўлиб кетган яна битта ғор бўлганлиги мутахассислар томонидан таҳмин қилинмоқда. Соҳибқирон ва лашкарларининг бу ерда бир муддат бўлганлигини ғорнинг кириш қисмида инсон меҳнати маҳсули бўлмиш тош терилиб, пухта текисланиб, тупроқ билан қопланган майдонча, шунингдек, отларни боғлаш учун ташлаб қўйилган тўсин ҳам тасдиқлайди. Ғорнинг жанубий қисмида мўъжазгина кўл ҳам бўлиб, у туфайли ғорда доимо 6-8 даража атрофидаги ҳарорат сақланиб туради. Хабарда айтилишича, кўлга ўтадиган йўлак тор бўлиб, ундан фақат жуссаси кичикроқ одамлар ўта олади. Ғорга бироз бўлса-да жисмоний ва руҳий тайёргарликка эга бўлмаган одамларнинг бориши маслаҳат берилмайди. Чунки, ғорнинг ичкарисига қадар етиш учун узоқ вақт юриш ва айрим нуқталардан эмаклаб ўтишга тўғри келади. Эл ўртасида ҳатто ушбу ғорнинг энг чуқур жойида хазина яширилган деган тахминлар ҳам юради.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати