Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

Амир Темур

(+99871) 232-02-27

Биз билан алоқа

info@temuriy.uz

Электрон почта
 Амир Темур мавзусидаги илмий мақолалар

Амир Темур мавзусидаги илмий мақолалар

ТЕМУРИЙЛАР РЕНЕССАНСИ ВА ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН

“… Темурийлар Ренессанси, Иккинчи Уйғониш даври ғоялари халқимизнинг бунёдкорлик фаолиятига кучли таъсир кўрсатди».

Шавкат Мирзиёев

Кишилик жамияти тарихида шундай даврлар ўтганки, унда буюк ишларга тайёр миллатлар, халқлар ўзларининг етук йўлбошчилари раҳнамолигида тарихнинг босқичларида муайян қисқа босқичларида минг йилларда қўлга киритиш мумкин бўлган натижаларга эришганлар. Айнан ана шундай даврлар инсоният тарихига шу миллатга мансуб улуғ кишиларнинг ўчмас номини битилиши, жаҳон маданиятини бойитади, умумбашарий тараққиётга бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилиши шак-шубҳасиздир.
Ана шундай “Туркистоннинг суянган тоғларидан бири” Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон ибн Амир Тарағай Баҳодир (1336.09.04, Шаҳрисабз шаҳри яқинидаги ҳозирги Яккабоғ туманига қарашли Хўжа Илғор қишлоғида таваллуд топган) – Туркистонни мўғуллар истибдоди ва таназзулидан олиб чиқиб, ташқи ва ички хавф-хатарларга қарши халқни бирлаштирган йирик давлат арбоби, музаффар саркарда, ўрта асрларда энг йирик давлатлардан бирининг ҳукмдори ҳисобланади.
Ўша даврдаги мураккаб вазиятда Амир Темур ҳарбий ва дипломатик қобилияти туфайли Кеш (Шаҳрисабз) ҳокими даражасига кўтарилган. 1370 йилда Темурбек – Кешдан Балхга юриш қилиб, Амир Ҳусайн қўшинларини енгган, рақиби қатл этилгач, унинг хотинларидан бири Бибихонимга уйланган. Хон қизига уйланганлиги учун Амир Темур «кўрагон”, яъни «хоннинг куёви» номини олган. 1370 йил 9 апрелда Амир Темур Мовароуннаҳр амири деб эълон қилингандан сўнг у Самарқандни давлат пойтахтига, жаҳоннинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айлантирган. Шаҳар атрофидаги қишлоқларга Бағдод, Қоҳира, Дамашқ, Фориш (Париж) каби номларни бериш билан пойтахтнинг улуғворлик мавқеини оширишга ҳаракат қилган.
У 1381 йилда Ҳиротни, 1383 йилда Сейистонни эгаллаган. 1386 йилда «уч йиллик юриш», 1392 йилда «беш йиллик юриш» ва 1399 йилда эса «етти йиллик юриш”ларни бошлаб, уларни изчиллик билан амалга оширган. Амир Темур 27 тадан ортиқ мамлакатни забт этган ва улкан салтанат яратган. 1404 йилда Самарқандга қайтиб, Хитойга юришни тайёрлашга киришган. 1405 йилда қўшнилари билан йўлга чиқиб, Тошкентдан шимоли-шарқдаги Ўтрор шаҳрида 18 февралда касаланиб, вафот этган
Темурийлар даври худди ана шундай, мўғул босқичларидан озод бўлган халқимизнинг миллий даҳоси энг юксак чўққига кўтарилган палладир. Бу пайт ғояси ҳалқимизнинг Амир Темур бошчилигида озодликка эришган ва мустақилликни сақлаш хамда мустаҳкамлаш учун амалга оширган буюк ишларининг ифодасидир. Бу давр халқимизнинг марказлашган давлат тузиш, миллий давлатчилигини тиклаш ва барқарор қилиш, мустақил яшаш орзуларининг ушалган палласи бўлган.
Мўғуллар томонидан босиб олинган юртимизда иқтисод, мaдaният, санъат ва илм-фан соҳасида таназзул рўй берган, жабр, зулм, зўравонлик натижасида халқнинг турмуши кескин ёмонлашган. Истилочилар зулмига чек қўйишда халқ оммасининг норозилиги, сарбадорлар бошчилигидаги оммавий қўзғолонлар, айниқса, Амир Темурнинг фаолияти муҳим ахамиятга эга бўлган.
Мўғуллар ўрнатган мустабид тузумнинг бу даврида халқимиз ҳаётида чуқур ижтимоий ва маънавий уйғониш жараёни содир бўлаётган эди. Босқинчилар мамлакатимизни сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан истило қилган бўлсаларда, аммо уни маънавий бўйсундириш, маданий жиҳатдан уларнинг устунлиги тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Кўчманчилик ва шаҳарларни ғорат қилишга одатланган Чингиз авлодлари маънавий ва маданий жиҳатдан ўзларидан устун бўлган халққа ҳеч нарса ҳам бера олмаган. Улар ўз ҳукмронлигининг охиригача хам Ватанимизда бирорта тузукроқ яшаш мумкин бўлган янги шаҳар барпо этмадилар, маданият ўчоқларининг юксалиши учун имкон яратмаган, аксинча, ерли аҳоли орасидан чиққан баркамол инсонларни қиличдан ўтказиб турдилар. Аммо халқ иродасини бука олмасдан озодлик ва мустақиллика интилишини тўхтатиб қўя олмаган.

Амир Темур халқимизнинг миллий ғояларини рўёбга чиқариш учун тарихий шаклланган зарурият, ўша пайтда ҳарбий уюшқоқлик, сиёсий ҳушёрлик, ғалабалар учун фидокорлик жиҳатидан жаҳонда тенгсиз миллатга айланган халқ даҳоси яратган буюк жаҳонгир сифатида майдонга чиққан эди.

Соҳибқироннинг энг асосий тарихий хизматлари шундан иборатки, у мўғулларнинг вайронкорликларига қарши курашиб, Ўрта Осиёни улардан халос этган. Майда феодал ва мулкдорларнинг ўзаро низоларига барҳам бериб, кучли марказлашган давлат барпо қилди, мамлакатда тартиб-интизом ва қонун устуворлигини таъминлади. Темурбек даврида “Куч – адолатда» тамойили амалга ошган, иқтисод ва маданият юксалган, ўзга мамлакатлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилган. У ўз ҳаётини Туркистон халқи фаровонлиги, юрт ободлиги учун сарфлаган, унинг даврида ҳашаматли бинолар, қурилиш иншоотлари, гўзал боғлар бунёд қилинган, мадрасалар ва масжидлар қурилган, мамлакатимиз Шарқнинг гўзал масканига айланган.

Амир Темур музаффар ҳарбий саркарда сифатида ном қозонган. У Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонни енгиб, Русияни мўғуллар истибдодидан қутқарилишин осонлаштирган. Туркия султони Боязид Йилдиримни мағлуб этиб, Болқон ярим ороли халқларини маълум муддат мустабидликдан сақланиб қолишига сабабчи бўлган. Амир Темурнинг саркардалик маҳорати дунё аҳамиятига эгадир: жаҳон ҳарбий академияларида қадимги даврда ҳарбий санъатининг энг ёрқин вакили сифатида Александр Македонский, ўрта асрларда Соҳибқирон, кейинги давр бўйича эса Наполеоннинг саркардалик маҳорати ўрганилади.

Темурбек ўз даврининг билимдон кишиси бўлиб, ёшлигидан хат-саводини чиқариб, тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморлик ва тарих фанларини ўзлаштирган, турк, араб ва форс халқлари тарихи, диний, дунёвий ва фалсафий билимларни эгаллаган, бутун умр олиму фузалоларга ҳомийлик қилган. У давлатни мустаҳкамлашда савдогарларга, ҳунармандларга, шайҳларга ва ислом динига таянаган, ички ва ташқи савдони йўлга қўйди, илм-фан, адабиёт, санъат тараққиёти учун қулай шароитлар яратган. Забт этилган мамлакатлардан олиму фузалоларини, илоҳиётчиларни, таниқли санъат намояндаларини Самарқанга олиб келиб, меъморлик, рассомчилик, наққошлик санъатини юксак рутбага кўтарди. Қатор хорижий мамлакатлар билан, жумладан, Франция, Испания, Англия билан алоқалар ўрнатди. Марказий Осиёда Уйғониш даври Темурийлар Ренессанси Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги йилларида мустаҳкам карор топган.

Соҳибқиронинг яна бир улкан хизмати шуки, у маданият ва илм-фан ҳомийси сифатида машҳур бўлиб, ўз саройига олиму фузало ва дин арбобларини тўплаган. Хожа Афзал, Жалол Хокий, Мавлоно Хоразмий, Мавлоно Мунший ва бошқалар унинг саройида илм-фан ва бадиий ижод билан машғул бўлишган. Испан элчиси Руи Гонсалес Клавихо Самарқанднинг гўзаллигига мафтун бўлган эди. Бобур Мирзонинг ёзишича, ўша даврда Самарқанд энг гўзал шаҳар бўлган. У ҳукмронлиги даврида ички ва ташқи савдо ўсган. Айниқса, Ҳиндистон, Хитой, араб мамлакатлари билан алоқаларнинг кучайиши Соҳибқирон салтанатнинг иқтисодий қудратини оширган. Темур ва темурийлар даврида ислом динига ва тасаввуфга катта эътибор берилди. Ислом дини ўша даврда асосий мафкура бўлиб, марказлашган давлат барпо этишда, иқтисод, маданият ва илм-фан соҳасидаги мақсад-вазифаларни амалга оширишда назарий асос бўлиб хизмат қилди. Темурбек ўз фаолиятида асосан унга таяниб иш кўрди.

Темурийлардан Шоҳрух мирзо, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Бобур Мирзолар давлатни бошқаришда, дин ва тасаввуф қоидаларига амал қилишда, илм-фан ва маданиятни ривожлантиришда унинг анъаналарини изчил давом эттирдилар. XIV-XV асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда илм-фаннинг кўп соҳаларида юксалиш юз берган. Жаҳонга машхур олимлар, табиатшунослар ва шоирлар етишиб чиқди. Тиббиёт, риёзиёт, ҳандаса, тарих, адабиёт, география, педагогика, мантиқ, фалсафа, ахлоқшунослик ва бошка фанларга эътибор қаратилган. Айниқса, бадиий адабиёт ва адабиётшунослик тез ривож топа бошлаб, ўша даврнинг муҳим ижтимоий муаммолар ва инсонпарварлик ғоялари олға сурилган. «Гул ва Наврўз” муаллифи Лутфий (1366-1465), «Беҳруз ва Баҳром» асарини ёзган Биноий (1453-1512), «Тазкират уш-шуаро» («Шоирлар ҳақида тазкира»)нинг муаллифи Давлатшоҳ Самарқандий, «Юсуф ва Зулайҳо», «Маҳзан ул-асрор» («Сирлар хазинаси») асарларининг муаллифлари Дурбек (XIV-XV асрлар), Ҳайдар Хоразмий ҳамда Камол Хўжандий (1402 йилда вафот этган), Ҳофиз Хоразмий (XIV-XV асрлар), Исмат Бухорий (1365-146), Яқиний (XV аср), Ҳилолий (ХV), Атоий (XV аср) ва бошқалар ўша даврда яшаб, ижод этдилар.

Бу даврда тарих фанига эътибор анча кучайиб, йирик тарихнавислар пайдо бўлган. Темурийлар даврида Шapaфуддин Али Яздийннг (ваф. 1454 йил) “Зафарнома», Низомиддин Шомийнинг (XIV аср охири – XV асрнинг боши) «Зафарнома»си, Абдураззок Самарқандийнинг (1413-1482) «Матлаъи ас-саъдайн ва мажмаъ ал-баҳрайн» (Икка денгизнинг қўшилиши»), Ҳофизи Абрунинг (1361-1430) «Зубдаr ат-тавориҳ» («Тарихларнинг сараси»), Муъиниддин Натанзийнинг (ваф. 1494 йил) «Рават ал-жаннат фи ансоф мадинат», Фасиҳ Ҳавофийни (1375-1442) «Мужмали Фасиҳий» ва бошқалар яратилган.

Ўз даврининг машҳур муаррихлари Мирхонд (1475-1535) Ҳиротда таваллуд топиб, шу ерда ижод қилган. Унинг асосий тарихий асари 7 жилдан иборат «Набиралар, подшоҳлар ва халифалар таржимаи холлари ҳақида поклик боғлари» деб аталади. У олти жилдини ёзиб, вафот этган, еттинчисини набираси муаррих Хондамир ёзиб тугатган. Хондамир хам Ҳиротда туғилиб, ёшлигидан тарихнависликка ҳавас қўйган ва Аграда вафот этади. Муаррихнинг муҳим рисолалари «Макорим ул-ахлоқ», «Хабиб ус-сияр», «Вазирлар учун қўлланма» ва бошқалардир. Унинг энг йирик асари «Хабиб ус-сияр»да кадим замондан XVI асргача Марказий Осиё, Эрон ва Афғонистондаги тарихий шахслар, воқеалар давлатлар тарихи, давлатни бошқариш йўллари батафсил баён этилган. «Maкoрим ул-ахлоқ» асарида улуғ Алишер Навоийнинг бунёдкорлик ишлари, инсоний фазилатлари, Ватан равнақи йўлида кўрсатган жонбозликлари тўғрисида ҳикоя қилинган. Хондамирнинг илмий-тарихий мероси XV-XVI асрлар иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти тўғрисида ҳикоя қилувчи қимматли манба ҳисобланади.

XIV-XV асрларда мантиқ, табиий-илмий фанлар, айниқса, фалакиёт, фалсафа ва ахлоқшуносликка катта эътибор берилган. Мантиқ илмининг йирик вакилларидан бири Темурийлар даври фалсафасига катта таъсир кўрсатган олим Саъдиддин Тафтазоний (1322-1392) 40 тадан ортиқ рисолаларнинг муаллифи бўлиб, шунингдек ўтмиш олимларининг жуда кўп асарларга шарҳлар ҳам битган. Ўша даврнинг яна бир атоқли алломаси Мир Саййид Шариф Журжоний Астробод шаҳри яқинида туғилган. 1387 йилдан бошлаб Самарқанд мадрасаларида мантик, фалсафа, фалакиёт, фиқҳ ва адабиёт, мунозара илми ва бошқалардан дарс берган. У 50 дан ортиқ рисолаларнинг муаллифи бўлиб, уларнинг аксарияти мантик, фиқҳ, фалсафа ва табиатшуносликнинг муҳим муаммоларига бағишланган. Шунингдек олим Ибн Сино, Чағминий на Насриддин Тусийларнинг асарларига шарҳлар ёзган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Халқимизнинг орзу-интилишлари Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Давлатшоҳ Самарқандий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби Иккинчи Уйғониш даврининг буюк сиймоларини уйғотди, уларнинг асарлари ва фаолиятида ўз талқинини топган одил подшо, адолатли жамият, комил инсон ғояларида намоён бўлди.

Ўша даврларда бу орзу комилликка элтадиган иймон ва эътиқодни миллат вакиллари учун муқаддас қадриятга айлантирди. Натижада комиллик ва маърифат сари интилиш туйғуси халқимиз менталитетидан мустаҳкам ва бир умрлик жой олди” (Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси. -Т.: «Ўзбекистон», 2021. Б.18)

Жаҳон илм-фани тараққиёта катта улуш кўшган буюк фалакиётчи олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Улуғбек (1394-1449) математика ва фалакиёт соҳасида баракали ижод қилган. Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси (1420) расадхона билан бирга ўша даврнинг академияси ҳам эди. Унинг астрономик жадваллари “Зижи Кўрагоний» 200 йилдан кейин, 1643 йилда Оксфорд университетида форс тилидан лотинчага таржима килиниб, чоп қилинган. Алломанинг астрономик жадваллари 1648, 1650, 1665, 1725, 1765, 1839, 1845, 1847, 1853, 1854, 1889 йилларда Англия, Франция, Бельгия ва Европанинг бошқа мамлакатларда чоп этилди. 1917 йилда «Улуғбек зижи” АҚШда нашр этилган. Улуғбек Птолемей, Коперник, Галилей каби буюк олимлар қаторидан эътиборли ўрин эгаллайди.

XV асрнинг иккинчи ярмидан Ҳирот маданий ва илмий марказга айланиб, айниқса, Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида илм-фан, адабиёт соҳасида юксалиш юз берган. Жаҳон маданияти ва халқимиз тафаккури равнақига улкан ҳисса қўшган сиймолардан бири, улуғ ўзбек шоири ва мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоий (1441-1501) шу шаҳарда яшаб, самарали ижод қилган. Буюк шоир қаламига мансуб «Хамса», «Хазойин ул-маоний» каби ўлмас асарлар нафақат халқимиз, балки жаҳон маданиятининг дурдоналари ҳисобланади.

Халқимиз шуҳратини оламга ёйган, унинг тафаккур ва дунёқарашга катта таъсир кўрсатган Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) ўз даврининг йирик мутафаккири, давлат арбоби, мумтоз адабиётимизнинг атоқли вакили, тарихчи олим, шоир ва таржимондир. У темурийлар авлодидан бўлиб, Андижонда туғилган, Ҳиндистонда 300 йилга яқин ҳукм сурган улкан империянинг асосчиси ҳисобланади. Бобур Мирзо бу ерда марказлашган кучли давлат барпо қилган. Уни бутун жаҳонга танитган асари «Бобурнома» жуда қимматли адабий-тарихий асар бўлиб, у XIV аср охири – XVI асрнинг 30-йилларигача бўлган мураккаб тарихий даврни ўз ичига олади. Унинг даврида Ҳиндистоннинг кўшни мамлакатлар билан алоқаси кучайган. Буюк аллома ўзбек адабиёти, фалсафа, тарих, географияга катта ҳисса қўшган мутафаккир бўлиб жаҳонга танилган.

Хуллас, “XV аср тақдирини ҳал этган буюк инсон” Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти, темурийлар давридаги маданий жараёнлар, илм-фан ривожи каби масалалар эса бир неча китоблар, ўнлаб тадқиқотлар учун мавзу ҳисобланади. Қолаверса, Амир Темур ва темурийлар каби илм-фан, маданият ва санъатни, фалсафа ва адабиётни нозиктаъб тушунган, ўзлари ҳам бу соҳаларда ажойиб ютуқларга эришган сиёсий сулолаларни жаҳон тарихидан топиш қийин. Бу сулола вакиллари орасида шеър ёзмаган, адабий машқлар қилмаган, фан-маданиятга қизиқмаган темурийзода ниҳоятда кам.

Ҳукмдорлари фан ва маданиятга қизиққан, маънавиятни юксакликка кўтариш учун курашган ўлкада ҳар жабҳада хақиқий юксалиш содир бўлади. Сиёсий таъминланганлик бошқа соҳалар билан биргаликда, маданий тараққиётнинг муҳим асосий омили эканлиги тарихда исботланган. Маданиятпарвар, миллатпарвар Амир Темур ва темурийзодалар ўша давр маънавий тараққиёти учун сиёсий-иқтисодий асосларни яратган арбоблар эди. Халқимизнинг асрлар оша улар руҳига миннатдорлик туйғуси билан ёндашуви, ҳалигача ўз фарзандларига бу сулола вакиллари номларини қўйиши, бугунги кунларда ҳам ўша замондан ташбеҳлар изланмоқда.

Демакки, XIV-XV асрларда Туркистон ва Хуросонда маданий юксалиш юз бериб, буни олимлар “Темурийлар Ренессанси” даври ҳам деб атамоқдалар. Европа XV-XVI асрлардаги Уйғониш даври – Ренессансининг муҳим хусусиятлари ва Марказий Осиёда рўй берган маданий юксалиш бир-бирига кўп томонлари билан ўхшайди, булар орасида муштаракликлар мавжуд.

XIV-XV асрлардаги Амир Темур ҳазратлари бошлаб берган Ренессанс, яъни моддий ва маънавий, иқтисодий ва сиёсий юксалишнинг муҳим хусусияти яна шундан иборатки, бу даврда марказлашган ҳокимият шаклланган, миллий давлатчилик тикланган ва мустаҳкамланган, ишлаб чиқариш ўсган, ички ва ташқи савдо, ҳунармандчилик, деҳқончилик ривожланган, хорижий мамлакатлар билан дипломатик ва маданий алоқалар ўрнатилган, инсон ақл-заковати ва унинг энг яхши фазилатларига эътибор ошган, илм-фан ва санъат ривож топиб, қомусий олимлар етишиб чиққан, маданий меросни ўрганишга қизиқиш кучайган.

Ўзбекистон истиқлолга эришгач Соҳибқирон таваллуди тантанасининг 660 йилиги жаҳон миқёсида нишонланди, Амир Темур шахси яна Ватан ва миллат тимсолига айланиб, “Амир Темур ордени» таъсис этилди, “Темур тузуклари” асари бир неча бор нашр қилинди. «Темурийлар мактаб”лари ташкил топди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида унга муҳташам ҳайкаллар ўрнатилди.

Темурийлар давридаги маданий юксалиш ҳозир ҳам ўз аҳамиятини асло йўқотмасдан жаҳон тамаддунида «Темурийлар Ренессанси» сифатида тан олинди. Темурийлар даври мероси Янги Ўзбекистонни янада мустаҳкамлаш, маданий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини оширишда улкан маьнавий бойлик сифатида ниҳоятда салмоқли аҳамиятга моликдир. Бу юртимизда “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” ҳаётбахш шиорни рўёбга чиқаришда ҳам тамал тоши бўлиб хизмат қилмоқда.

Ғулом Абдиев,
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти
бўлими раҳбари

Очил Бўриев,
Қарши давлат университети профессори

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ахборот хизмати

Leave a Reply

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[an error occurred while processing the directive]